Ўзбекистонда қимор ўйинлари ва қиморбозлар реестри ишга туширилади

Ўзбекистон Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Ягона давлат ставкалар ва ўйинчилар регистрини (ЯДЎР) юритиш тартибини тасдиқлади. Буйруқ Адлия вазирлигида 2025 йил 7 июль куни рўйхатдан ўтди.

Рақамли назорат

Регистр оператори этиб давлат хизматлари соҳасида АТ-платформаларини жорий этиш ва қўллаб-қувватлашга масъул бўлган давлат интегратори Uzinfocom компанияси тайинланди.

Унинг вазифаларига ўзаро боғлиқ тўртта регистрни: ўйинчилар (шахсий маълумотлар билан бирга), чекловлар (лимитлар, ўзини четлатиш, суд қарорлари), молиявий операциялар (ўйинлар ва лотереялар билан боғлиқ барча пул ўтказмалари) ва ютуқларни тўлаш регистрларини ишга тушириш ва техник қўллаб-қувватлаш киради.

Қимор ўйинлари ташкилотчилари ўз платформаларининг давлат тизими билан техник интеграциясини таъминлаши шарт. Маълумотларни узатиш, регламентга мувофиқ, реал вақт режимида амалга оширилиши керак.

Ставкалар чегараси

Регулятор фойдаланувчининг ставкаларга ёки ўйин операцияларига сарфлаши мумкин бўлган ойлик суммасига чекловлар ўрнатиши мумкин. Максимал чегара ўйинчининг ўртача ойлик даромадининг 10% даражасида белгиланган. Даромадлар ҳақидаги маълумотлар автоматик равишда «Электрон ҳукумат» тизими орқали текширилади.

Ўйинчи шунингдек, ўз иштирокини мустақил равишда чеклаши ёки тўлиқ блоклаши мумкин. Ўзини четлатиш механизми кейинги битимларни бекор қилишни, аккаунтларни блоклашни ва қолган маблағларни банк ҳисобварағига қайтаришни ўз ичига олади. Бундай қарорлар дарҳол кучга киради — регистр оператори барча жалб этилган платформаларга мижозга хизмат кўрсатишни тўхтатиш санаси ва вақтини кўрсатган ҳолда хабарномаларни юборади.

Чекловлар регистрига ўз хоҳишига кўра, суд қарори билан ёки давлат органлари ташаббуси билан ўйинчилар киритилиши мумкин. Бундан ташқари, ҳарбий хизматчиларга, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига, вояга етмаганларга ва давлат томонидан ижтимоий таъминотда бўлган шахсларга қимор ўйинлари ўйнаш тақиқланади.

Ўзбекистонда 2019 йилдан бошлаб бир неча бор букмекерлик конторалари ҳамда таваккалчиликка асосланган ўйинлар фаолиятини легаллаштиришга уринишлар бўлди. Ўтган йил апрел ойида президент фармони билан 2025 йил 1 январдан бошлаб букмекерлик конторалари фаолиятига рухсат берилган эди.

Қонунчилик талабларига мувофиқ, улар камида 150 минг базавий ҳисоблаш миқдорида устав капиталини шакллантириши керак. Букмекерлик конторалари ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар ташкилотчиларига 18 ёшдан кичик шахсларга ютуқларни тўлаш, шунингдек стационар ўйин залларини ташкил этиш тақиқланади. Улар шунингдек, маҳаллий тадбирларга, жумладан спорт ўйинлари ва сиёсий жараёнларга ставка қабул қилмаслиги керак.