Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 18/02/2026

Қайси машиналар антиквар ҳисобланади? ЙҲХХ тушунтириши

2026 йил 1 февралдан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган йилига 50 ва ундан ортиқ йил бўлган транспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни қайта рўйхатдан ўтказиш тақиқланди. Ушбу қоида антиквар автомобилларга тааллуқли эмас. ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот котиби Зойир Йўлдошев транспорт воситаси антиквар деб тан олиниши учун қандай талабларга жавоб бериши кераклигини тушунтирди.

Унинг тушунтиришига кўра, транспорт воситалари ўзининг асл ҳолати, ташқи кўриниши, конструкцияси ва асосий агрегатларига эга бўлиши керак. Шундагина улар тарихий қимматга эга техника намуналари сифатида қаралади ва ANT серияли давлат рақами берилган ҳолда антиквар сифатида қайта рўйхатдан ўтказилиши мумкин. Акс ҳолда, транспорт воситаси давлат рўйхатидан чиқарилади.

Асосий агрегатлар деганда қуйидагилар тушунилади:

  • кузов, конструкция, ўриндиқлар (асл шаклида);
  • двигатель (асл ёқилғи тури билан);
  • илгак (сцепление), тормозлар, руль бошқаруви, узатмалар қутиси, электр жиҳозлари ва бошқалар.

2025 йил ҳолатига кўра, мамлакатда 50 йилдан ортиқ вақт давомида фойдаланишда бўлган 87,6 мингта автомобиль рўйхатга олинган.