
Қашқадарё вилояти Косон туманидаги болалар боғчасининг икки ёшли тарбияланувчиси вафот этиши факти бўйича терговга қадар текширув ўтказилмоқда, дея хабар берди Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов.
Воқеа ҳақида аввалроқ Kun.uz ёзган эди. Фожиа 2025 йил 20 июнь куни содир бўлган. Хусусий болалар боғчаси мудираси эрталаб бир неча болани ўз машинасида уйидан олиб кетган. Кўп ўтмай, тарбияланувчилардан бирининг қариндошларига қизнинг аҳволи ёмонлашгани ҳақида хабар берилган.
Вафот этган қизнинг бувиси ва онаси клиникага боришган. У ерда уларга боланинг ҳаёт аломатлари йўқлигини айтишган, қизнинг жасади эса экспертизага юборилган.
«Кейин, хабар келгач, жасадни моргдан олдик. Бизга бола машинада қолиб кетганидан иссиқлаб ўлганлигини айтишди», — деди қизнинг бувиси нашр билан суҳбатда. Бувисининг айтишича, ўша куни машинада 7-8 нафар бола бўлган.
Маҳалла раиси журналистга қиз вафот этганидан сўнг хусусий болалар боғчасининг фаолияти тўхтатилганини маълум қилди.
Боланинг ўлимининг аниқ сабаби ҳозирча номаълум, суд-тиббий экспертиза тайинланган.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳодиса тафсилотларини гапириб берди — вафот этган қиз боғча мудирасининг ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги ва бепарволиги туфайли ёпиқ эшикли машина ичида соат 12:00 гача ёлғиз қолиб кетган. Ўлим айнан шу машинада содир бўлган.
«Текширувлар холис ва тўлиқ ўтказилади, барча томонлар ўрганилади, натижалари бўйича ҳуқуқий қарор қабул қилинади», — дейилади хабарда.
Бош прокуратура вафот этган қизнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди.