Қашқадарёнинг «Олтиндала» маҳалласида газ қуйиш шохобчасида яна портлаш содир бўлди

Қашқадарё вилояти Қўкдала тумани «Олтиндала» маҳалласида жойлашган автомобиль газ қуйиш шохобчасида ёнғин содир бўлди, дея хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

ФВВ маълумотларига кўра, ҳодиса 2025 йил 5 август куни соат 22:20 да автоцистернадан сиқилган пропан суюқлигини сақлаш резервуарига ўтказиш вақтида юз берган.

Соат 22:22 да воқеа жойига етиб келган 5 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 22:30 да ёнғинни бартараф этишга муваффақ бўлган, соат 22:50 да эса у тўлиқ ўчирилган.

Ёнғин натижасида 1 та автоцистерна ва пропан сақлаш учун мўлжалланган 10 куб метр ҳажмли резервуар шикастланган. Автоцистерна ҳайдовчиси енгил куйиш жароҳатлари олган, дейилади хабарда.

Воқеа жойига вилоят ва туман ФВВ бошқармалари раҳбарлари етиб борган. Ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.

Аввалроқ, 2025 йил 16 июль куни айни шу Қўкдала туманининг «Олтиндала» маҳалласида ҳам ёқилғи сақлаш резервуарида портлаш ва ёнғин содир бўлган, натижада 4 киши ҳалок бўлган эди.

Бундан олдин Энергетика вазирлиги ижтимоий тармоқларда «Андижондан довонгача» ёқилғи қуйиш шохобчалари ёпилгани ҳақидаги хабарларни рад этган эди. Вазирликнинг маълум қилишича, Поп туманидаги 4 та ёқилғи қуйиш шохобчаси фаолияти электр узатиш тармоқларидаги режали ишлар туфайли вақтинча тўхтатилган.