
Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё тараққиёт банки Қашқадарё вилоятида қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ва қуввати 75 МВт·соат бўлган энергия сақлаш тизимини (BESS) қуриш лойиҳасини молиялаштиришда иштирок этади.
Давлат-хусусий шериклик шартлари асосидаги ушбу лойиҳа 2023 йил май ойида ўтказилган тендерда ғолиб чиққан Masdar (БАА) компанияси томонидан амалга оширилмоқда.
«Guzar Solar and Battery Energy Storage Project» лойиҳаси Ғузор шаҳрида станция қуриш, шунингдек, тармоқ инфратузилмасини — 1,6 км узунликдаги электр узатиш тармоқлари ва 220 кВ кучланишли подстанцияни яратишни назарда тутади. Бу янги қувватларни мамлакат ягона электр энергетика тизимига улашни таъминлайди.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки хабарига кўра, ЕТТБ қуёш электр станцияси ва энергия сақлаш тизимини қуриш ҳамда эксплуатация қилиш учун 195,5 млн долларгача (168,5 млн евро) бўлган молиявий пакетни ташкиллаштирган.
Молиялаштириш қуйидагиларни ўз ичига олади:
- ЕТТБнинг 141,6 млн долларгача (122,1 млн евро) бўлган кредити;
- ЕТТБнинг 25 млн долларгача (21,6 млн евро) бўлган кафолати.
Бундан ташқари, лойиҳа имтиёзли биргаликда молиялаштириш маблағларини олади:
- Канада ҳукуматидан 20 млн долларгача;
- Иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасидаги юқори самарали шериклик махсус жамғармаси (HIPCA) доирасида Финляндия ҳукуматидан 5 млн доллар;
- Япония-ЕТТБ ҳамкорлик жамғармаси ва ЕТТБнинг ўзидан 3,9 млн долларгача.
Маблағлар тўлиқ Masdar компаниясига тегишли бўлган «Nur Kashkadarya Solar PV» МЧЖ ХК лойиҳа компаниясига тақдим этилади. ЕТТБнинг қайд этишича, лойиҳа Ўзбекистон ҳукуматининг 2030 йилгача 25 ГВт қуёш ва шамол қувватларини яратиш режаларига мос келади.
Ўз навбатида, Осиё тараққиёт банки ва Masdar 30 млн долларлик молиялаштириш пакетини имзолади. У қуйидагиларни ўз ичига олади:
- ОИБнинг 12,5 млн долларлик кредити;
- «Leading Asia’s Private Infrastructure Fund 2» (LEAP 2) жамғармасидан 12,5 млн долларлик кредит;
- Осиёдаги хусусий сектор учун Канада иқлим ва табиат жамғармасидан (CANPA) 5 млн долларлик кредит.
Ҳар икки жамғарма ОИБ томонидан бошқарилади. Бундан ташқари, ОИБ электр энергиясини сотиб олувчининг тўлов мажбуриятлари билан боғлиқ хатарларни камайтириш учун 9 млн долларгача бўлган қисман кредит кафолатини тақдим этади.
ОИБнинг Ўзбекистондаги директори Канокпан Лао-Араининг сўзларига кўра, қуёш генерациясини энергия сақлаш тизими билан бирлаштириш электр энергиясига бўлган ўсиб бораётган талабни қондириш, таъминот ишончлилигини ошириш ва иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш имконини беради.
ДХШ шартлари
Лойиҳа параметрлари президент қарори билан тасдиқланган бўлиб, унга кўра лойиҳани амалга ошириш учун «Nur Kashkadarya Solar PV» лойиҳа компанияси ташкил этилган.
Тўғри хорижий инвестицияларнинг умумий ҳажми 250,5 млн долларга баҳоланмоқда.
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва хусусий шерик ўртасида электр энергиясини кафолатланган тарзда сотиб олиш тўғрисида 25 йиллик битим тузилган, яъни давлат ушбу муддат давомида ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш мажбуриятини олади.
Хусусий шерик қурилиш даври учун 60 млн долларлик банк кафолатини тақдим этиш, шунингдек, станцияни энергия тизимига улаш учун электр узатиш тармоқларини қуриб, кейинчалик уларни давлат шеригига топшириш мажбуриятини олган.
Тарифлар қуйидаги миқдорда белгиланган:
- 1 кВт·соат электр энергияси учун 0,03 АҚШ доллари (3 цент ёки тахминан 360 сўм);
- энергия сақлаш тизимининг тайёрлиги учун 1 МВт·соатга 6,33 АҚШ доллари.
Кутилаётган натижа
Ишга туширилгандан сўнг қуёш электр станцияси йилига 634−664 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқаради, бу эса қарийб 60 мингта хонадонни электр билан таъминлаш ва ҳар йили CO₂ чиқиндиларини 354−400 минг тоннага камайтириш имконини беради.
Шунингдек, лойиҳа энергия сақлаш тизимини жорий этиш ҳисобига миллий энергия тизимининг барқарорлиги ва мослашувчанлигини ошириши, айниқса тиғиз вақтлардаги талабни қондиришга хизмат қилиши ҳамда Ўзбекистоннинг 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 54 фоизга етказиш мақсадига ҳисса қўшиши кутилмоқда.