
Қашқадарё вилояти Қўқдали туманининг «Олтиндала» маҳалласида жойлашган ёнилғи қуйиш шохобчасида ёнилғи сақлаш резервуари портлаши оқибатида ёнғин содир бўлди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, ҳодиса 2025 йил 16 июль куни соат 14:40 да юз берган. Воқеа жойига тўртта ёнғин-қутқарув бригадаси етиб келган. Ёнғин соат 15:00 да локализация қилиниб, соат 15:35 да тўлиқ ўчирилган.
ФВВ маълумотларига кўра, ҳодиса натижасида тўрт киши ҳалок бўлган. Жароҳатланганлар сони ҳақида хабар берилмаган.
Воқеа жойига ФВВ, ИИВ, прокуратура ва бошқа ваколатли органлар ходимлари етиб борган. Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Даврон Тўлаганов бошчилигида тажрибали мутахассислар гуруҳини юборди.