
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 43−1-моддасига тузатишлар киритиш бўйича қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Ушбу модда қарзларни соддалаштирилган тартибда ундириш соҳасини кенгайтиришни назарда тутади.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директорининг биринчи ўринбосари Шавкат Ҳайдаров 2022 йилда жорий этилган соддалаштирилган ижро институти ўз самарадорлигини исботлаганини таъкидлади.
«Ўтган давр мобайнида мазкур институт амалиётда қарздорларнинг олдига бормасдан ёки уларнинг мол-мулкига мурожаат қилмасдан туриб ҳам қарздорликларни самарали ундириш мумкинлигини исботлади», — деди.
Унинг сўзларига кўра, 2023 йилда 2 миллион, 2024 йилда 2,4 миллион, 2025 йилнинг ўтган даврида эса яна 1,4 миллион ижро ҳужжатлари мажбурий ижро чоралари қўлланилмасдан ижро этилган. Бу эса бюронинг туман ва шаҳар бўлимларидаги юкламани 30% гача камайтириш имконини берди.
Шунингдек, у суд ёки бошқа ваколатли органлар қарорлари бекор қилиниши муносабати билан 89 минг ижро иши соддалаштирилган тартибда тугатилганини қайд этди.
«Бугунги кунда соддалаштирилган тартибда ундирув маъмурий жарималар, солиқ қарздорлиги, давлат божи ва жисмоний шахслардан почта харажатларига доир ҳужжатларга нисбатан қўлланилмоқда», — дея аниқлик киритди Шавкат Ҳайдаров.
У давлат ижрочиси ҳозирда битта ижро иши доирасида 23 тагача ижро ҳаракатини амалга ошириши мумкинлигини маълум қилди. Ўтказилган таҳлиллар бир қатор мураккаб бўлмаган ишларда мажбурий чоралар қўлланилмасдан ҳам ижро самарадорлигини таъминлаш мумкинлигини кўрсатди.
«Қонун лойиҳасида видеоконференц алоқа харажатларини, коммунал ташкилотлар фойдасига қарздорликларни, шунингдек, жисмоний шахслардан 5 баравар базавий ҳисоблаш миқдоридан (1,875 млн сўм) ошмаган миқдордаги қарзларни ундириш бўйича ижро ҳужжатларини соддалаштирилган тартибда ижро этиш имкониятини назарда тутиш таклиф этилмоқда», — деди Бюро вакили.
Унинг таъкидлашича, бундай ҳолларда ундирув қарздорга бормасдан ва хатлаш ёки чекловлар қўлланилмасдан амалга оширилиши мумкин.
«Қонун лойиҳасини амалиётга татбиқ этиш давлатнинг мажбурий механизмини қўлламасдан ижро этиладиган ижро ҳужжатлари тоифасини кенгайтириш ва қарздорларнинг ортиқча ташвишини олдини олиш имконини беради. Шу билан бирга, қонун лойиҳаси давлат бюджетидан қўшимча харажатларни талаб қилмайди», — дея таъкидлади Шавкат Ҳайдаров.
Хавотирлар
Ўзбекистон Халқ демократик партияси депутати Дилбархон Мамаджанова фуқаролар учун янгиликларнинг оқибатлари ва коммунал ҳамда бошқарув компанияларининг иш сифати билан боғлиқ масалаларни кўтарди.
Унинг эслатишича, 2024 йили парламент бошқарув компаниялари ва уй-жой мулкдорлар ширкатиларга фуқаролардан квартира тўловларини ундиришни соддалаштирган эди, бироқ ўтган давр мобайнида бошқарув ва сервис компаниялари фуқароларни олдиндан хабардор қилмасдан судга мурожаат қилмоқда.
«Ва фақат суд қарор чиқаргандан сўнг фуқаролар жарима суммаси ва давлат божи билан бирга хабарнома олишмоқда», — деди.
Парламентарий бошқарув компаниялари, шунингдек, маҳаллалардаги сервис компаниялари томонидан кўрсатилаётган коммунал хизматларнинг паст сифати ёки умуман мавжуд эмаслигига эътибор қаратди. «Биз буни жойларда, аҳоли билан учрашувларда кўриб турибмиз ва одамлар айнан шундан кўпроқ шикоят қилишади — чунки бу компаниялар ишламаяпти», — дея таъкидлади Мамаджанова.
Бундан ташқари, у аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун юзага келиши мумкин бўлган оқибатлардан хавотир билдирди:
«Агар ижро ҳужжатлари асосида ногиронлиги бор ёки кам таъминланган аҳоли қатламларининг иш ҳақи, стипендия ва пенсияларидан маблағ ундирила бошласа, бу уларни янада оғир аҳволга солиб қўймайдими? Бу уларнинг норозилигини келтириб чиқармайдими?»
Бунга жавобан Мажбурий ижро бюроси директорининг биринчи ўринбосари Шавкат Ҳайдаров ногиронлар пенсияларидан ундирувлар фақат қатъий чекланган ҳолларда амалга оширилишини таъкидлади.
«Бюро ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ўртасида келишув тузилган: ногиронлиги бор шахсларга тўланадиган пенсиялардан ундирувлар фақат алимент ишлари бўйича рухсат этилади. Бошқа ҳолларда ушлаб қолиш тақиқланади», — деди.
Ҳайдаров пенсиялардан ушлаб қолиш механизмини ҳам тушунтирди:
«Ундирув бошлангунга қадар фуқаро қарздорлик мавжудлиги ва пенсиядан ушлаб қолиш ҳақида хабарнома олади. Агар хабарнома юборилмаган бўлса, ушлаб қолиш амалга оширилмайди».
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан тўланадиган пенсияларга келсак, ижро ҳужжатлари бўйича ундирувлар бу тўловларга йўналтирилиши мумкин, лекин бу ҳам фақат қарздорни мажбурий хабардор қилгандан сўнг амалга оширилади.
Шунингдек, у банк ҳисобварақларидан маблағларни соддалаштирилган тартибда ундириш масаласига алоҳида изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, фракция йиғилишидан сўнг ишчи гуруҳ билан келишувга эришилган. «Агар депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қўллаб-қувватласа, иккинчи ўқишга тайёргарлик кўришда барча кўтарилган масалаларни ишлаб чиқамиз ва қонун концепциясига таъсир қилмаган ҳолда таклифлар киритамиз», — деди Ҳайдаров.
Томонлар ҳуқуқлари мувозанатининг бузилиши
ЎзЛиДеП фракцияси депутати Умид Якубхўжаев истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилиши мумкинлигини қайд этиб, соддалаштирилган ижро иши юритиш механизмининг коммунал хизматлар соҳасига кенгайтирилишидан хавотир билдирди.
«Қонун лойиҳасига концептуал жиҳатдан янги қоидалар киритилмоқда. Амалдаги қонуннинг мазмунига эътибор қаратадиган бўлсак, у авваламбор оммавий ҳуқуқий муносабатларни — солиқлар, маъмурий жарималар, давлат божи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солар эди. Ҳозир эса коммунал хизматлар ва кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатиш ҳақида гап кетмоқда — бу аллақачон хусусий-ҳуқуқий, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардир», — дея қайд этди Якубхўжаев.
Унинг сўзларига кўра, соддалаштирилган тартибнинг амал қилиши кенгайиши билан томонлар имкониятларида номутаносиблик юзага келмоқда:
«Бизнингча, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда томонлар тенглиги принципи бузилмоқда. Нима учун? Чунки, ўзингизга маълумки, илгари давлат божи тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритилган эди. 2024 йил охиридан бошқарув компаниялари, 2025 йил бошидан эса электр ва иссиқлик таъминоти етказиб берувчилари уни тўлашдан озод қилинган».
Депутат шунингдек, бундай ишлар суд муҳокамасисиз кўриб чиқилишини эслатди. Фуқаролик процессуал кодексининг 171-моддасига мувофиқ, бундай ишлар суд буйруғи асосида кўриб чиқилади ва суд қарорининг ўзи ижро ҳужжатига тенглаштирилади.
«Агар ижро ҳужжати туманга келиб тушса, давлат ижрочиси 23 тагача ижро ҳаракатини амалга ошириши мумкин. Бу мол-мулкни хатлаш, чет элга чиқишни чеклаш ва бошқа чораларни ўз ичига олиши мумкин. Таклиф этилаётган таҳрирда биз ижро ҳужжати соддалаштирилган тартибда келиб тушганда бундай чоралар қўлланилмаслигини назарда тутамиз. Бунинг ўрнига фақат огоҳлантириш, масофавий иш, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ундириш қўлланилади», — деди МИБ вакили.
У шунингдек, айтилган таклифлар инобатга олинишини таъкидлади.
105 нафар депутат қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилиш учун овоз берди, 3 нафари қарши чиқди, 6 нафари бетараф қолди.
Маълумот учун:
Ижро ҳужжатларини соддалаштирилган тартибда ижро этиш — бу жисмоний шахслардан (масалан, жарималар, солиқлар, давлат божлари, почта харажатлари) қарзларни қарздорга бормасдан ва мол-мулкни хатламасдан ундириш тартибидир. Ҳаммаси масофадан — банклар ва ахборот технологиялари орқали амалга оширилади.
Одатий тартибдан фарқли ўлароқ, хатлаш, чет элга чиқишни тақиқлаш каби кескин чоралар қўлланилмайди.
Хабарнома олгандан сўнг, қарздор ихтиёрий равишда қарзни тўлаш учун 5 иш кунига эга бўлади. 5 кундан сўнг, агар узрли сабаб бўлмаса, ҳисобварақлардан пулларни мажбурий ечиб олиш бошланади ва қўшимча равишда ижро йиғими (мажбурий ундирув учун жарима) ҳисобланади.
Мажбурий равишда ечиб олиниши мумкин:
- банк ҳисобварақларидаги пуллар;
- иш ҳақи, пенсия, стипендия — лекин фақат қарз суммаси минимал иш ҳақи миқдоридан (1,155 млн сўм) ошмаса.
Агар ундириб бўлмаса, иш одатий тартибга ўтказилади.
Агар суд ёки бошқа орган пуллар ундирилган ҳужжатни бекор қилса, ижрочи дарҳол ишни тугатиши ва бу ҳақда ҳужжатни берган органга хабар бериши шарт.