Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 09/03/2026

Қарши ва Бухоро бозорлари раҳбарлари фирибгарлик ва коррупцияда гумонланмоқда

Қарши ва Бухоро шаҳарларида аукцион орқали сотилиши керак бўлган савдо шохобчаларини ноқонуний равишда сотмоқчи бўлган бозор раҳбарлари қўлга олинди, деб хабар берди Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати.

ДХХ маълумотларига кўра, Қарши шаҳрида деҳқон бозори раиси ва назоратчиси ўзаро тил бириктириб, тадбиркордан 110 кв. метр майдонга эга янги савдо павильонини унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 80 минг доллар талаб қилган. Икки гумонланувчи сўралган 80 минг доллардан 30 минг долларини аванс сифатида олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Бухоро шаҳрида эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи савдо бозори раҳбари ва иш юритувчиси фуқародан 11 минг доллар олаётган вақтида ушланган. Улар ушбу маблағ эвазига енгил конструкцияли савдо павильони қуриш ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун 120 кв. метр ер майдони ажратиб беришни ваъда қилган.

Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» ва «в» бандлари (Хизмат мавқеидан фойдаланиб, кўп миқдорда фирибгарлик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.