
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқовга сенаторлик сўрови юборди. Унда пойтахтда эгасиз ҳайвонларни сақлаш ва парвариш қилиш учун бошпаналар ташкил этиш билан боғлиқ муаммолар ҳақида маълумот сўралган.
Сенатор, хусусан, мавжуд бошпаналарнинг сони ва сиғими, ушбу соҳага ажратилаётган маблағлар ҳажми, масъул идораларнинг ўзаро ҳамкорлик даражаси, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фаоллар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар ҳамда истиқболдаги режалар билан қизиққан.
Сенат матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, сўнгги йилларда бу мавзу энг долзарб масалалардан бирига айланди. Фуқаролик жамияти ва фаоллар ўз маблағлари ҳисобидан бошпаналар яратмоқда, ҳайвонларни парвариш қилиш, эмлаш ва даволаш билан шуғулланмоқда.
Тошкентда эгасиз ҳайвонларни сақлаш учун мавжуд инфратузилма етарли эмас. Шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармаларининг дайди ҳайвонларни тутиш бўйича иши юзасидан саволлар мавжуд. Фуқаролар томонидан ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари қайд этилмоқда, дейилади хабарда.