
Қамчиқ довонининг Наманган вилояти ҳудудидан ўтган қисмида туризм мажмуаси ва осма йўл қурилади, дея хабар берди Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.
Лойиҳа 90 гектар майдонни қамраб олади, уни Австриянинг Doppelmayr / Garaventa компаниялар гуруҳи амалга оширади.
Ушбу концерн Австрия ва Швейцарияда жойлашган бўлиб, осма йўллар, гондолалар, лифтлар, шунингдек, йўловчи ва транспорт тизимларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Бугунги кунга қадар у томонидан дунёнинг 96 та мамлакатида 15 мингдан ортиқ лойиҳа амалга оширилган.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов 2025 йил 13 октябрь куни компания вакиллари – Йоханнес Триебник, Валерий Яшин ва Евгений Куприн билан учрашув ўтказди. Музокаралар давомида томонлар қурилиши режалаштирилган объектларни муҳокама қилдилар.
Ҳокимлик маълумотларига кўра, лойиҳани молиялаштиришни минтақанинг йирик тадбиркорларидан бири – Aisha Group компанияси раҳбари Жобирхон Камалитдинов таъминлайди.