
Европа Иттифоқи ҳамкорлар билан биргаликда Марказий Осиёнинг гидроэнергетика инфратузилмасига янги инвестицияларни эълон қилди. Европа Комиссияси матбуот хизмати хабарига кўра, қарорлар 2025 йил 9-10 октябрь кунлари Брюсселда бўлиб ўтган Global Gateway («Глобал шлюз») форумида тақдим этилган.
Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Европа Иттифоқи ва Европа Инвестиция банки (ЕИБ) Қамбарота ГЭС-1 лойиҳаси бўйича 900 миллион евро миқдоридаги англашув меморандумларини имзоладилар.
Бундан ташқари, ЕИ томонидан молиялаштирилган ва Жаҳон банки томонидан амалга оширилаётган лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари тақдим этилди.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ҳам томонлар билан худди шундай меморандумларни тузди ва Қамбарота ГЭС лойиҳаси учун 1,3 миллиард евро миқдоридаги молиялаштиришни кўриб чиқмоқда.
Еврокомиссарнинг халқаро шерикликлар бўйича вакили Йозеф Сикела янги келишувларни олқишлади: «Гидроэнергетикага оқилона инвестициялар электр энергиясига ишончли ва қулай эришишни таъминлаши, маҳаллий аҳоли учун даромад манбаи яратиши, барқарор қишлоқ хўжалигига ҳисса қўшиши ва инсон саломатлиги ҳамда атроф-муҳитни ҳимоя қилиши мумкин. Биз Марказий Осиёда энергия ишлаб чиқариш учун асосий объект бўлган Қамбарота ГЭС-1 нинг келажакда амалга оширилишини қўллаб-қувватлаётганимиздан фахрланамиз. Бизнинг янги инвестицияларимиз ЕИ ва минтақа мамлакатлари ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлайди».
«Европа Комиссиясининг кафолатлари туфайли ЕИБ иқлим банки сифатида Марказий Осиёда минтақавий энергетика ҳамкорлигини мустаҳкамлайдиган инфратузилмани қўллаб-қувватлайди. Биз Қамбарота ГЭС-1 лойиҳасининг тикланадиган электр энергияси савдосини кенгайтириш, иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш ва энергетика хавфсизлигини ошириш учун асосий элемент сифатидаги салоҳиятини кўрмоқдамиз», — деди ЕИБ вице-президенти, банкнинг Марказий Осиёдаги фаолиятини назорат қилувчи Кириакос Какурис.
«Қамбарота ГЭС-1 — Марказий Осиёнинг энергетика ва сув хавфсизлигига, шунингдек, тикланадиган энергетикани ривожлантиришга ҳисса қўшувчи флагман минтақавий лойиҳадир. ЕТТБ барча иштирокчи мамлакатларда етакчи инвестор сифатида ЕИ ва ҳамкорлар билан биргаликда минтақавий алоқадорлик ва сув ресурсларини самарали бошқаришни қўллаб-қувватлашдан мамнун», — деди ЕТТБ президенти Одиль Рено-Бассо.
Европа Иттифоқи, унинг аъзо давлатлари, молия институтлари ва хусусий секторни бирлаштирувчи Team Europe («Европа жамоаси») ёндашуви доирасида ЕИ Марказий Осиё мамлакатлари билан биргаликда сув ресурсларини бошқаришда минтақавий мувофиқлаштиришни мустаҳкамлаш устида ишламоқда.
Форумда ЕИ Марказий Осиёда сув, энергетика ва иқлим ўзгаришлари бўйича Team Europe ташаббуси доирасида минтақавий «яшил» ўтиш ва энергетика секторидаги ислоҳотлар натижаларини тақдим этди. Иштирокчилар, шунингдек, минтақадаги иккита йирик Global Gateway лойиҳаси — Қамбарота ГЭС-1 ва Роғун ГЭС бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилдилар.
Қамбарота ГЭС-1 — Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги Норин дарёсидаги энг йирик энергетика лойиҳаси. Бўлажак ГЭСнинг лойиҳа қуввати 1860 МВт ни ташкил этади. ГЭС сув омбори 5,4 миллиард куб метр ҳажмга ва баландлиги 256 метр бўлган тўғонга эга бўлади. Станция йилига ўртача 5,6 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. ГЭС қурилиши 10 йил давом этиши кутилмоқда.
ГЭС қурилиши Ўзбекистон ва Қозоғистон иштирокидаги минтақавий лойиҳа сифатида кўриб чиқилмоқда. Дастлабки келишувларга кўра, ташкил этилаётган қўшма корхонадаги томонларнинг улушлари қуйидагича тақсимланади: Қирғизистон — 34%, Қозоғистон — 33%, Ўзбекистон — 33%. Қурилишнинг умумий қиймати 5-6 миллиард долларга баҳоланмоқда.
2023 йил январь ойида уч мамлакат энергетика вазирлари лойиҳани амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»ни, 2024 йилда эса станцияни тайёрлаш ва эксплуатация қилиш бўйича уч томонлама келишувни имзоладилар. Молиялаштиришни мувофиқлаштириш учун Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва бошқа халқаро ҳамкорлар кирган донорлар қўмитаси тузилди.
Биринчи гидроагрегатни асосий қурилиш босқичи бошлангандан сўнг 4 йил ўтгач фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Келишув шартларига кўра, лойиҳа якунлангандан сўнг станциянинг барча активлари ва акциялари Қирғизистон мулкига ўтади, томонларнинг улушлари эса бериш ёки сотишга йўл қўйилмайди.
Global Gateway форуми ЕИ ва дунёнинг бошқа мамлакатлари етакчиларини, шунингдек, хусусий сектор, фуқаролик жамияти, молия институтлари, халқаро ташкилотлар ва экспертларни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ҳамда бутун дунёда барқарор ўсишни таъминлаш мақсадида инфратузилмага — ҳам жисмоний, ҳам институционал — глобал инвестицияларни илгари суриш учун бирлаштиради.
Global Gateway ташаббуси — бу глобал инвестиция бўшлиғини қисқартириш ва дунёда рақамли, энергетика ва транспорт секторларини ривожлантириш, шунингдек, соғлиқни сақлаш, таълим ва илм-фан тизимларини мустаҳкамлаш бўйича ЕИ таклифи. Global Gateway доирасида 2021-2027 йилларда 300 миллиард еврогача давлат ва хусусий инвестицияларни жалб қилиш режалаштирилган.