Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 03/09/2025

Пскент полигонида автомобиллар синови бекор қилинди

2025 йил 2 сентябрдан Тошкент вилоятининг Пскент туманидаги полигонда автомобилларни синовдан ўтказиш амалиёти тўхтатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги хабар берди.

Бу амалиёт бир йилга ҳам етмаган — 2024 йил 1 ноябрдан — расмий дилер бўлмаган жисмоний шахслар ва хусусий тадбиркорлар томонидан олиб кирилган автомобилларга нисбатан қўлланилган. Синовлар агентликнинг шўъба корхонаси — давлат муассасаси «Ўзбек илмий синов ва сифатни назорат қилиш маркази» (UzTest) томонидан ўтказилган.

2024 йили бу янгилик истеъмолчилар манфаатлари ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш ҳамда мамлакатга сифат кафолати бўлмаган автомобилларнинг кириб келишининг олдини олиш зарурати билан асосланган эди. Аммо автомобиллар бир-бир синовдан ўтказилгани, ягона марказнинг имкониятлари чеклангани сабабли бу катта навбатлар ва автомобилларни етказиб беришда кечикишларга олиб келди.

Агентлик ўз хабарида 2024 йилгача Ўзбекистонда атиги 3 та дилерлик маркази фаолият юритгани ва уларда 15 тагина автомобиль моделига турларини тасдиқлаш ҳужжатлари бўлганини тушунтиради. Ҳозирда расмий дилерлар сони 21 тага етди ва 100 дан ортиқ автомобиль моделига турларини тасдиқлаш ҳужжатлари берилди.

Эндиликда истеъмолчиларни сифатли ва кафолатли хавфсиз транспорт воситалари билан таъминлаш тизими яхшиланди ва истеъмолчилар расмий дилерлардан турли хилдаги автомобиль моделларини сотиб олишлари мумкин, дейилади хабарда.

Агентлик ўзбекистонликларни автомобилларни расмий дилерлардан сотиб олишга чақирди.