
Туркиянинг Prima компанияси Ўзбекистонда шахсий гигиена воситалари ишлаб чиқариш корхонасини яратишга 20 миллион доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Лойиҳа Tashkent Pharma Park фармацевтика кластери ҳудудида амалга оширилади, бу ерда болалар тагликлари (подгузник), гигиеник воситалар ва нам салфеткалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Ташаббус доирасида 350 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
Агентлик директори Абдулла Азизов 2025 йил 1 ноябрь куни Prima вакиллари билан музокара ўтказди. Томонлар лойиҳани амалга ошириш бўйича аниқ қадамларни белгилаб олишга келишиб олдилар.
Prima бренди жаҳон истеъмол товарлари бозорининг етакчиларидан бири бўлган Американинг халқаро Procter & Gamble (P&G) корпорацияси таркибига киради. Улар орасида — ювиш ва тозалаш воситалари (Fairy, Tide, Ariel, «Миф», Ace, Mr. Clean, Lenor, Comet, Fairy Oxi, Mr. Proper, Dreft), болалар тагликлари (Pampers), аёллар гигиенаси воситалари (Always, Alldays, Tampax, Discreet, Naturella), соч парвариши воситалари ва бошқалар мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, Tashkent Pharma Park мажмуаси давлат раҳбарининг 2020 йил 28 январдаги қарори доирасида ташкил этилган, ўша йилнинг 17 апрелида эса унинг биринчи тоши қўйилган эди.

