Ўзбекистон президентини Instagram’да ҳақорат қилган 18 ёшли йигитга ҳукм ўқилди

2025 йил 18 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон шаҳар суди Ўзбекистон президентини ҳақорат қилган фуқарога нисбатан ҳукм эълон қилди.

Иш материалларига кўра, Оҳангароннинг 18 ёшли фуқароси Instagram’даги профили орқали Ўзбекистоннинг биринчи ва амалдаги президентлари тасвирланган фотосурат остида Шавкат Мирзиёев шаънига ҳақоратли мазмундаги изоҳ қолдирган.

Суд-сиёсий лингвистик экспертиза хулосасига кўра, изоҳда президентга қарши қаратилган, унинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи, обрўсига путур етказувчи фикрлар, ғоялар ва сўзлар мавжуд бўлган.

Нима учун бундай изоҳ қолдиргани ва мақсади нима бўлгани ҳақидаги саволга, судланувчи ҳеч қандай мақсади йўқлигини ва ўйламасдан изоҳ ёзганини билдирган.

У айбини тўлиқ тан олган.

Суд уни Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисми (Ўзбекистон Республикаси Президентини Интернетдан фойдаланиб оммавий ҳақоратлаш ёки туҳмат қилиш) билан айбдор деб топиб, икки йил озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

Унга нисбатан қўшимча чекловлар ҳам белгиланди:

  • алкоголли ичимликлар истеъмол қилинадиган ва кўнгилочар тадбирлар ўтказиладиган жойларга (кафе, бар, ресторанлар) бормаслик;
  • оммавий тадбирларда (намойишлар, митинглар) иштирок этмаслик;
  • жиноят содир этишга мойил бўлган шахслар билан алоқа ўрнатмаслик;
  • назоратни амалга оширувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ва Тошкент вилоятидан ташқарига чиқиб кетмаслик.