
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 27 август куни «Тошкент-Шарқий» аэродроми негизида қурилиши якунланаётган ҳукумат ва бизнес авиацияси аэропортига ташриф буюрди.
Қурилиш ишлари 2017 йилда бошланган. Илгари аэродромда ҳарбий-транспорт авиацияси жойлашган эди. «Кенг кўламли лойиҳа пандемия ва кейинги қийинчиликлардан муваффақиятли ўтиб, ниҳоясига етказилди», — дея хабар берди президент матбуот хизмати.
Аэропортнинг умумий майдони 561 гектарни ташкил этади. Узунлиги 4 км бўлган учиш-қўниш йўлаги ва 3 та рулёж йўли реконструкция қилинди, «бу ҳатто энг оғир самолётларни ҳам қабул қилиш имконини беради».
Кун давомида аэропорт йирик самолёт томонидан амалга оширилган биринчи техник рейсни қабул қилди. Бу ҳукуматга тегишли Boeing 767 (UK67000) лайнери эди. Сўнгра бу ерга Pilatus PC-24 (UK24001) бизнес-жети келиб қўнди. Вертолётлар ҳам етиб келди.
«20 та ҳаво кемасига мўлжалланган перрон қурилди. Boeing-787, A320, бизнес-жетлар ва вертолётлар учун уларни оптимал шароитда хавфсиз сақлашни таъминловчи замонавий ангарлар бунёд этилган», — дейилади хабарда.
«Аэропортда VIP ва CIP-терминаллар қурилди. Юқори мартабали меҳмонлар учун мўлжалланган залда расмий учрашувлар, музокаралар ва брифинглар учун барча шароитлар яратилган. Соатига 100 нафар йўловчини қабул қилишга мўлжалланган CIP-терминалда дўконлар ва умумий овқатланиш шохобчалари бўлади», — дейилади хабарда.
Аэропорт ICAO III-A тоифасидаги замонавий радиотехника ва метеорология тизимлари билан жиҳозланган. Бу ҳатто мураккаб об-ҳаво шароитида ҳам учиш ва қўнишларни таъминлаш имконини беради.
«Қулай жойлашгани туфайли янги аэропорт пойтахт ва Янги Тошкент учун муҳим транспорт марказига айланади. Халқаро ташрифлар ва ишбилармонлик сафарларини ўтказиш имкониятлари кенгаяди, хорижий инвесторлар учун шароитлар яхшиланади. Натижада иқтисодий фаоллик ортади, хизмат кўрсатиш соҳаси ривожланиш учун туртки олади ва янги иш ўринлари яратилади», — дея таъкидлади президент матбуот хизмати.
«Узоқ тайёргарликдан сўнг биз мамлакатимиз меҳмонлари учун юқори даражадаги хизматни таъминлайдиган янги аэропорт қурдик. Бу Тошкент халқаро аэропортидаги юкламани камайтириш имконини беради», — деди Шавкат Мирзиёев.
Унинг қўшимча қилишича, амалдаги пойтахт аэропорти учун «бошқа жойда йирик мажмуа қуриш ҳам режалаштирилган».
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 август куни президентга тақдимотда пойтахтнинг янги аэропортини 2030 йилгача Тошкент вилоятида қуриш режалаштирилгани ҳақида хабар берилган эди.