
Ўзбекистон президенти, Қуролли Кучлар олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига сафари давомида ҳарбий қисмда бўлди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
У ҳарбий қисмда яратилган шароитлар, шунингдек, ҳарбий техника ва қурол-яроғлар, жумладан, замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа мажмуалари билан танишди.
Президент миллий армияни ривожлантириш устувор йўналишларини белгилашда замонавий қуролли можароларнинг хусусиятларини, хавфсизликка мавжуд таҳдидларни ва ҳарбий ҳаракатлар театрининг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олиш зарурлигини таъкидлади.
У масъул шахсларга Қуролли Кучлар салоҳиятини ошириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва шахсий таркибнинг тайёргарлигини юксалтириш бўйича топшириқлар берди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент қўшинларда дронлардан фойдаланиш ва уларга қарши курашиш учун янги бўлинмалар, сунъий интеллект билан ишлаш учун кибертузилмалар ташкил этиш, шунингдек, роботлаштирилган техника ва ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларидан фойдаланиш бўйича вазифаларни қўйган эди.