«Агар кўчалар шундай бўлса, одамлар шахсий автомобилда фақат дам олиш кунларида юради». Президент — Шота Руставели кўчаси ҳақида

Ўзбекистонда биринчи марта кўча маркази бўйлаб автобуслар учун ажратилган йўлак (BRT, bus rapid transit) ташкил этилган Шота Руставели кўчасини реконструкция қилиш Тошкентдаги бошқа кўчалар учун намуна бўлади. Бу ҳақда 2025 йил 15 октябрь куни лойиҳа билан танишиш чоғида президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

«Энди бу бошқа кўчалар учун ҳам намуна бўлади», — деди давлат раҳбари («Ўзбекистон 24» телеканалининг «Менимча» дастури сюжетига кўра).

Тошкент ҳокими Шавкат Умрзоқов кўча реконструкцияси ягона дизайн-кодни ҳисобга олган ҳолда ўтказилганини маълум қилди.

«БАРЧА [кўчалар] шундай бўлади, ҳурматли президент. Сиз айтганингиздек, кўчалар ягона услубга келтирилган… Велосипед ва пиёдалар йўлаклари бир-биридан ажратилган. Буталар, 14 минг дарахт экилган. Дренаж тизими ҳам тартибга келтирилди», — дея қайд этди.

Президент автобус линияси кўрсатма берилганидек, кўчанинг ўртасидан ўтаётганига эътибор қаратди.

«Агар кўчалар шундай бўлса, агар автобуслар, шаттл-басларни ишга туширсак, одамлар шахсий машинада фақат шанба ва якшанба кунлари юради. Бунинг нима ҳожати бор? Бу арзон, хавфсиз, тез. Машина нима учун керак? Машина шанба, якшанба куни — оила аъзоларини дам олишга олиб боради», — деди Мирзиёев.

Ҳокимнинг қўшимча қилишича, янги тизим туфайли чизиқдаги автобуслар тезлиги икки баравар ошган.

Реконструкция қилинган участканинг узунлиги тахминан 7 км ни ташкил этади. Лойиҳа қиймати 19,2 миллион доллар бўлди.

Яқин йилларда Тошкент ҳокимияти BRT тармоғини жами узунлиги 51 км га яқин бўлган 10 та йўналиш бўйича кенгайтиришни режалаштирган. Тақдим этилган линияларнинг кўпи трамвайнинг собиқ линияларини такрорлайди. Лойиҳани амалга ошириш учун жами 126 миллион доллар ажратиш режалаштирилган.