
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 4 март куни Қувайт давлати валиаҳд шаҳзодаси шайх Сабоҳ ал-Холид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Суҳбат чоғида Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашиши ва мамлакатнинг турли инфратузилма объектларига берилган зарбалар юзасидан жиддий хавотир билдирилди.
Президент бундай салбий ҳаракатлар халқаро ҳуқуқ тамойилларига зид эканини таъкидлаб, «ушбу мураккаб дамларда Ўзбекистон дўст Қувайт халқи билан бирдам эканини» қайд этди.
Томонлар тинчликка ва аҳоли осойишталигига жиддий таҳдид солувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатлар зудлик билан тўхтатилиши кераклигини таъкидладилар.
Давлат раҳбари Қувайтда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига кўрсатилган ёрдам учун миннатдорлик билдирди.
Ўз навбатида, Қувайт валиаҳд шаҳзодаси Ўзбекистон етакчисига ушбу оғир вақтда кўрсатилган дўстона қўллаб-қувватлаш ва бирдамлик учун миннатдорлик изҳор этди.