
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашиши ва можаролар минтақавий барқарорлик ҳамда тинчликка жиддий хавф туғдираётгани қайд этилди.
Томонлар «муқаддас Рамазон ойида мусулмон уммати ўртасидаги зиддиятларни кучайтирувчи номақбул ҳаракатлар»дан чуқур хавотир билдирдилар.
Давлат суверенитети, тинчлик ва осойишталикка таҳдид солувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш минтақа мамлакатларининг умумий манфаатларига мос келиши таъкидланди.
Ўзбекистон етакчиси, шунингдек, Қатардаги мамлакат фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш ва уларни ватанига қайтаришда кўрсатилган ёрдам учун амирга чуқур миннатдорлик билдирди.
Ўз навбатида, Қатар амири Ўзбекистон Президентига дўстона мулоқот, доимий қўллаб-қувватлаш, бирдамлик сўзлари ҳамда икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришга қаратилаётган катта эътибор учун алоҳида ташаккур изҳор этди.