Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Сиёсат 10/03/2026

Ўзбекистон президенти Озарбайжон ҳудудига қилинган дрон ҳужумларини қоралади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 5 март куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилиб, ушбу мамлакат ҳудудига қилинган дрон ҳужумларини кескин қоралади. Шунингдек, у жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев Яқин Шарқда кескинликнинг кучайиши ва бунинг оқибатида тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонлар берилаётганидан жиддий хавотир билдирди. У «муқаддас Рамазон ойида содир бўлаётган бу каби воқеалар умуминсоний қадриятларга, халқаро нормаларга ва давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги тамойилларига зид» эканини таъкидлади, дейилади хабарда.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Ўзбекистон фуқароларини Эрондан Озарбайжон ҳудуди орқали хавфсиз эвакуация қилишни таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар ва яратилаётган шароитлар учун Илҳом Алиевга миннатдорлик билдирди.

Аввалроқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов озарбайжонлик ҳамкасби Жайҳун Байрамов билан суҳбатда содир бўлган ҳодиса юзасидан хавотир билдирган эди.

2026 йил 5 март куни кундузи Эрон ҳудудидан учирилган иккита дрон Озарбайжонга — Нахичеван аэропорти учиш майдонига ва қишлоқ мактаби яқинига қулаган. Икки нафар маҳаллий турғун жароҳатланган. Озарбайжон Мудофаа вазирлиги «мамлакат суверенитетини ҳимоя қилиш ва тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун зарур жавоб чоралари тайёрланаётганини» маълум қилди.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Аракчи Жайҳун Байрамов билан суҳбатда Эрон Нахичеванга қарата снарядлар учиргани ҳақидаги хабарларни инкор этди ва фуқароларнинг жароҳатланганидан афсусда эканини билдирди. У мамлакат қуролли кучлари зарур текширув ва тергов ишларини олиб бораётганини маълум қилди.