Президент Администрациясининг Назорат инспекцияси тугатилмоқда, унинг ваколатлари Ҳисоб палатасига ўтади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 14 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда Президент Администрациясининг Назорат инспекцияси фаолиятини кескин танқид қилди ва унинг зудлик билан тугатилишини эълон қилди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ушбу тузилма унга юклатилган вазифаларни оқламаган.

«Назорат инспекциясига нега бунча ваколат берилган эди? Вазирларга ёқиш ва улар берган ҳамма нарсани фарқламай олиб келиш учунми? Нега у муаммоларни ўрганмайди ва айбдорларни жазолаш бўйича таклифлар киритмайди?» — деди у.

Аниқланган камчиликлар ҳисобга олиниб, инспекцияни зудлик билан тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Унинг ўрнига ижро интизомини таъминлаш ва аҳоли муаммолари билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим яратилади.

Ижро интизоми устидан назорат энди Ҳисоб палатасига юкланади, унинг ваколатлари кенгайтирилади. Хусусан, орган нафақат бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини текширади, балки қарорлар самарадорлиги ва фуқароларнинг қаноатланиш даражасини ҳам таҳлил қилади.

Ҳисоб палатаси раиси ҳар ой президентга қарорлар ижроси самарадорлиги тўғрисида ҳисобот тақдим этади, заиф бўғинларни, самарасиз раҳбарларни ва «ишламаётган» тизимларни кўрсатади.

Президент Администрацияси (аввал Президент аппарати) ҳузуридаги Назорат инспекцияси 1990-йиллар охиридан буён фаолият юритади. Унинг асосий вазифалари республика ва маҳаллий давлат бошқаруви органлари, вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликлари, давлат корхоналари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари томонидан президент фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг ижросини назорат қилиш ва текшириш, президент топшириқларининг ижросини назорат қилиш ва текшириш ва бошқалардан иборат эди.

2022 йил август ойидан бошлаб инспекцияга Ҳисоб палатаси раисининг собиқ ўринбосари Саидлазиз Саидкаримов раҳбарлик қилган.

Йиғилишда президент ҳокимлар ва вазирлар фаол иш усулларига ўтиши, яъни топшириқларни кутмасдан ташаббус кўрсатиши кераклигини ҳам маълум қилди. «Аҳоли ва бизнес муаммоларини тезкор ҳал этиш раҳбарларнинг асосий вазифаси бўлиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.