Ўзбекистон Президентининг иккита маслаҳатчиси ва маслаҳатчи ўринбосари тайинланди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз маслаҳатчиларидан икки нафари ва маслаҳатчи ўринбосарини тайинлаш тўғрисидаги фармонларни имзолади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Равшан Аюбович Ғуломов Президентнинг ҳудудларни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлди. Бунгача у Иқтисодий сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимида ишлаган.

Обид Орзиқулович Ҳакимов Президентнинг Иқтисодий сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди. У аввал давлат раҳбарининг Иқтисодий сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари — Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори лавозимида фаолият юритган.

Азиз Йўлдошевич Магрупов Президентнинг Ҳудудларни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди. Унинг аввалги лавозими Президентнинг хорижий инвестициялар масалалари бўйича вакили эди.