Президент журналистлар меҳнатини Ватан ҳимоячиларининг жасорати билан қиёслади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 27 июнь куни нишонланадиган Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан соҳа ходимларини табриклади.

У ҳозирги ўта мураккаб ва беқарор дунёда, глобал ижтимоий-сиёсий жараёнлар шиддат билан ўзгариб бораётган шароитда оммавий ахборот воситаларининг «катта аҳамияти, роли ва таъсири»ни қайд этди.

«Кенг медиа майдонни объектив ва ишончли маълумотлар билан тўлдираётган ҳамда миллий манфаатларимизни қатъий ҳимоя қилаётган журналистларнинг машаққатли меҳнатини Ватаннинг муқаддас сарҳадлари ҳимоячиларининг жасорати билан бемалол қиёслаш мумкин, деб ўйлайман», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

У соҳа вакилларининг «мамлакатда амалга оширилаётган тарихий ўзгаришлар»га қўшган муносиб ҳиссасини ва мамлакатда «демократик жамиятнинг муҳим шарти ва тамойили сифатида оммавий ахборот воситаларини изчил ривожлантиришга» берилаётган «устувор аҳамият»ни қайд этди.

Сўнгги йилларда «фидойи ва ватанпарвар, ҳақиқий профессионал журналистларнинг янги авлоди шаклланмоқда», — дея давом этди президент.

Шу билан бирга, у таъкидладики, «ОАВда холислик ва қонун устуворлигини таъминлаш, касбий билим ва маҳоратни ошириш, ахборот тарқатишнинг замонавий усулларини ўзлаштириш, аҳоли орасида ахборот, мунозара ва мулоқот маданиятини шакллантириш, турли салбий ҳодисаларга, жамиятдаги коррупцияга қарши курашиш каби долзарб вазифаларни ҳал этиш учун ҳали кўп иш қилиниши керак».

Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналишлари» ОАВ ходимларининг машаққатли меҳнатини муносиб баҳолаш, ижодий жамоаларни қўллаб-қувватлаш, соҳанинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш бўлиб қолишини таъкидлади.

Байрам арафасида президент соҳа ходимлари бир гуруҳини орден, медаллар ва фахрий унвонлар билан мукофотлади.