
Ички ишлар органлари ходимларининг қўпол муомаласи ва тергов сифатидан норозилик аҳолининг ИИВ бўлинмалари иши бўйича энг кўп учрайдиган шикоятларидан бири. Бу ҳақда жума куни фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш масалаларига бағишланган йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, 2025 йилда энг кўп мурожаат ва шикоятлар ИИВ ҳиссасига тўғри келган — 148 мингта. Таққослаш учун — Мажбурий ижро бюросига оид масалалар бўйича 134 мингта, Энергетика вазирлиги бўйича 88 мингта, Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бўйича 60 мингта, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўйича эса 56 мингта мурожаат тушган.
Давлат раҳбари ИИВ раҳбарларига энг кўп мурожаатлар келиб тушаётган ҳудудларга — Сурхондарё вилоятининг Денов тумани, Самарқанд вилоятининг Ургут тумани, Самарқанд, Қарши, Наманган, Жиззах, Фарғона ва Чирчиқ шаҳарларига боришни топширди.
Улар аҳоли муаммоларини тинглаши ҳамда профилактика инспекторлари ва терговчиларнинг касбий даражаси ва муомала маданиятини ошириш учун ўқувлар ташкил этиши керак, деди президент.
2026 йил январь ойи охирида президент танқидий руҳда йиғилиш ўтказган эди, шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизимида тайинловлар ва ишдан бўшатишлар амалга оширилди. Ўзгаришлар ИИВ, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигини қамраб олди.