Ўзбекистон президенти Махсус операциялар кучларининг янги полигонида ҳарбий машғулотларни кузатди

Ўзбекистон президенти, Қуролли Кучлар олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятидаги Махсус операциялар кучлари полигони фаолияти билан танишди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Бу хорижий тажриба ва қўшинларни тайёрлашнинг замонавий тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилган Махсус операциялар кучларининг янги полигонидир, дейилади хабарда. Полигион объектларида жанговар кўникмаларни ошириш, шахсий таркибни самарали тайёрлаш ҳамда уларнинг маънавий-руҳий барқарорлигини юксалтириш учун шароитлар яратилган.

Давлат раҳбари жанговар ва махсус тайёргарлик машғулотларининг янги усуллари билан танишди ҳамда Қуролли Кучлар ўқув машғулотларининг фаол фазасини кузатди.

Ўқув машқлари давомида турли қўшин турлари бўлинмалари турли жанговар операцияларни ўтказишда учувчисиз учиш аппаратларини қўллаш усулларини, ҳаво десанти, артиллерия, авиация, ҳаво ҳужумидан мудофаа ва қуруқликдаги қўшинларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатларини намойиш этди.

Асосий эътибор кичик командирларнинг мустақил қарор қабул қилиш ва бўлинмаларни рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда бошқариш қобилиятига, шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг тез ўзгарувчан жанговар вазиятда замонавий қурол ва техникаларни қўллаш кўникмаларига қаратилди. Олий бош қўмондон бўлинмаларнинг тайёргарлиги ва ҳамкорликдаги ҳаракатларнинг уйғунлик даражасига юқори баҳо берди.

Қуролли Кучлар қўмондонлик таркиби билан суҳбатда Шавкат Мирзиёев «дунёда хавфсизликка таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги таҳликали вақтда Қуролли Кучлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, халқ ва армия бирлигини таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳарбий ислоҳотларнинг асосини ташкил этиши керак»лигини таъкидлади.