Ўзбекистон Президенти Администрациясида янги тайинловлар

Ўзбекистон Президенти фармони билан давлат раҳбари Администрациясида янги тайинловлар амалга оширилди, дея хабар берди Президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Ҳилола Ўктамовна Умарова Президент Администрацияси раҳбарининг таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Шу муносабат билан у Мактабгача ва мактаб таълими вазири лавозимидан озод этилди.

У 1988 йилда туғилган, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. 2019 йилда Тошкентдаги ИНҲА университети бош менежери, 2020 йилда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб директори, 2020 йилдан 2022 йилгача Президент таълим муассасалари агентлиги директори лавозимларида ишлаган.

Тамила Анваровна Алиева Президент Администрацияси раҳбарининг соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

У илгари «Zamin» халқаро жамоат фонди ижрочи органи раҳбари бўлиб ишлаган.

Тимур Нурйигитович Бутунбаев Президент Администрацияси раҳбарининг сув таъминоти тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Шу муносабат билан у Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди.

У 1986 йилда туғилган, ИИВ Академиясини тамомлаган. Маълумоти бўйича юрист. Меҳнат фаолиятини 2009 йилда Тошкент шаҳри Яшнобод тумани ИИБ терговчиси сифатида бошлаган. 2010-2017 йилларда ИИВ тизимида турли лавозимларда ишлаган. 2018-2024 йилларда Президент Администрациясида масъул лавозимларда фаолият юритган.

Нодира Жалаловна Ҳакимова Президент Администрацияси раҳбарининг суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

У илгари Олий суд судьяси, шунингдек, Зангиота туманлараро фуқаролик ишлари бўйича суди судьяси бўлиб ишлаган.

Шерзод Фарҳод ўғли Озодзода Президент Администрацияси раҳбарининг тадбиркорлик лойиҳалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Шу муносабат билан у Президент Администрациясининг Иқтисодиёт ва тадбиркорлик соҳасидаги асосий ташаббусларни ишлаб чиқиш бошқармаси бошлиғи лавозимидан озод этилди.

Аввал ҳам Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи бўлиб ишлаган. Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган.

Дилноза Мурадовна Зиямухамедова Президент Администрацияси раҳбари котибияти мудираси лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси котибияти бошлиғи лавозимидан озод этилди.

У илгари ҳам Президент Администрацияси раҳбарининг ОАВ масалалари бўйича ўринбосари, Президент Администрацияси ижро аппаратининг ОАВ, телевидение ва матбуотни ривожлантириш сектори мудираси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузуридаги Оммавий коммуникациялар масалалари маркази бошлиғи лавозимларида ишлаган.

Аввал хабар қилинганидек, Президент ўз администрациясининг янги тузилмасини тасдиқлади. Президент Администрацияси ва унинг тизимидаги ташкилотларда 284 та штат бирлиги қисқартирилди. Президент Администрацияси раҳбарининг бешта ўринбосари лавозими киритилди, янги департаментлар, жумладан, жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги, шунингдек, рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича департаментлар ташкил этилди.