
Тошкентда пуллик йўл бўйидаги автотураргоҳлар билан боғлиқ масалалар муҳокамаларнинг муҳим мавзуларидан бўлиб қолмоқда. Собиқ депутат, Экология қўмитаси раҳбарининг маслаҳатчиси Расул Кушербаевнинг пуллик автотураргоҳлар ҳақидаги ҳоким қарорини бекор қилиш зарурлиги тўғрисидаги баёнотидан сўнг, бу мавзу бўйича Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам чиқиш қилди. «Poytaxt Parking» (пуллик автотураргоҳлар оператори) муҳокамаларни олқишлашини, лекин фактларга таянишга чақирди.
ХДП нима деди
Партия пуллик автотураргоҳлар зарурлигини тан олди ва шаҳарда қисқа вақт ичида бундай автотураргоҳ жойларининг кўпи яратилганини ижобий факт сифатида қайд этди. Бироқ, уларнинг фикрича, тизим «инсон манфаатларига хизмат қилиш, ижтимоий адолат ва қулайлик тамойилларига асосланиши керак».
ХДП автотураргоҳ нархи соатига 12 минг сўмдан бошланаётганидан жамоатчиликнинг норозилигига ишора қилиб, қўшни мамлакатларда нархлар бир неча баравар пастлигини, шунингдек, йиғилган маблағлар ҳақида ҳисобот йўқлигини таъкидлади. Партия, хусусан, машинани пуллик автотураргоҳда бутун иш куни давомида қолдирилса, ҳар ой минимал иш ҳақидан кўпроқ тўлашга тўғри келишини кўрсатди.
Партия ўз таклифларини умумлаштирди:
- Ҳар қандай хизматлар учун тарифлар «аҳолининг реал даромадлари, ижтимоий ҳимоя даражаси ва ҳаётий эҳтиёжларини ҳисобга олиши» керак.
- Тарифлар иқтисодий жиҳатдан асосланган бўлиши ва қайта кўриб чиқилиши керак, маблағлар «қаерга тушаётгани» ва «қандай сарфланаётгани» ҳақидаги маълумотлар очиқ бўлиши лозим.
- Ижтимоий объектлар — давлат поликлиникалари, Давлат хизматлари марказлари, «Инсон» марказлари, кутубхоналар ёнидаги пуллик автотураргоҳларда муайян вақт давомида бепул тўхташ имконияти назарда тутилиши керак.
- Савдо корхоналари, хизмат кўрсатиш, тиббиёт, спорт ва маданий-кўнгилочар муассасалар ҳудудидаги тўхташ жойларининг камида 5 фоизи имтиёзга эга бўлган шахслар учун бепул фойдаланишга ажратилиши керак; бу рақамни ошириш имкониятини кўриб чиқиш зарур.
- «Тўхташ тақиқланади» белгиси ўрнатилган жойларда пуллик автотураргоҳ ташкил этиш, «агар пул тўланса, мумкин» деган хулоса чиқариш имконини беради. Бу «тенглик тамойилига зид».
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги нима деди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўз жамоатчилик кенгашининг мурожаатига жавобан ўрганиш ишларини бошлаганини маълум қилди. Кенгаш «жараёнларнинг қонунийлиги ва очиқлигини таъминлаш» ва «тарифлар бўйича асосланган нормаларни ишлаб чиқиш»ни сўраган.
Агентлик ходимлари ва кенгаш аъзолари бир қатор кўчаларни кўздан кечириб, пуллик автотураргоҳ, «аҳоли учун қулайлик яратса-да, баъзи ҳолларда мавжуд бепул тўхташ жойларини тўсиб қўяётгани ва ҳайдовчиларни машиналарни пуллик автотураргоҳда қолдиришга мажбурлаётгани» ҳақида фикрга келишган. Шу билан бирга, «гавжум кўчаларнинг қатнов қисмида белгиланган тўхташ жойлари тирбандликлар юзага келишига олиб келмоқда».
Агентлик ўрганиш натижалари бўйича масъул шахслар иштирокида жамоатчилик кенгаши эшитувларини ўтказиши ва хулосалар ҳамда таклифларни ишлаб чиқишини маълум қилди.
«Poytaxt Parking» нима дейди
«Poytaxt Parking» юқорида айтилган фикрларга жавобан пуллик автотураргоҳлар фаолияти бўйича муҳокамани олқишлашини, лекин у «фактларга таяниши керак»лигини айтди.
«Биз изоҳларга эътибор билан қараймиз ва бизнинг масъулиятимиз доирасига кирадиган жиҳатларни яхшилаш устида ишлаяпмиз. Биз конструктив мулоқотга очиқмиз, лекин муҳокамалар давомида асосий фактлар эътибордан четда қолаётганини таъкидлашимиз керак: тарифларни оператор белгиламайди; автотураргоҳлар фақат тасдиқланган участкаларда яратилади; аҳоли учун имтиёзлар ва устуворликлар комплекси назарда тутилган; тарифларни фарқлаш — шаҳарларда автомобиллар ҳаракатини тартибга солишнинг халқаро тан олинган воситасидир», — дея қайд этди компания.
«Тарифларни Poytaxt Parking белгиламайди»
«Poytaxt Parking» лойиҳанинг техник оператори бўлиб, қатъий равишда шаҳар қарорлари доирасида ишлайди. Автотураргоҳ нархи фақатгина Тошкент шаҳар ҳокимлиги қарорлари билан белгиланади ва белгиланган норматив тартибда тасдиқланади. Бизнинг роль — фақат шаҳар қарорларини техник жиҳатдан амалга ошириш», — дея таъкидлади компания.
«Тарифлар фарқланган: максимал юкламали ҳудудлар (марказий кўчалар) — 12 минг сўмгача, қолган ҳудудлар — 5000 сўмдан. Муайян ҳудудда тариф танлови транспорт таҳлилига асосланган: қурилиш зичлиги, трафик ҳажми, кириб келаётган автомобиллар сони ва кўча маконидаги тақчиллик».
«Марказдаги тарифлар паст бўлиши мумкин эмас»
«Дунёнинг барча йирик шаҳарларида максимал талабга эга ҳудудларда тариф юқорироқ бўлади. Бу тижорий мантиқ эмас, балки талабни бошқариш механизми бўлиб, автотураргоҳ жойларининг айланишини таъминлаш, аҳоли, шошилинч хизматлар ва етказиб бериш хизматлари учун жойларнинг мавжудлигини сақлаш, шунингдек, шаҳар марказининг бепул узоқ муддатли тўхташ жойига айланишининг олдини олиш имконини беради», — дейишди компанияда.
«Шундай қилиб, фарқланган тариф — бу йўл ҳаракатини тартибга солиш воситаси».
Пуллик автотураргоҳлар ташкил этилгандан сўнг, яқин атрофдаги уйларнинг ҳовлиларига автомобилларнинг кириши муаммоси кучайди. Бу муаммонинг ечими ҳозирда шаҳар ҳокимлигида муҳокама қилинмоқда. Ҳозирча имтиёзли тариф ва бепул тўхташ даврлари билан резидентлик келишувлари ишлаб чиқилмоқда, «Poytaxt Parking» аҳолига ён бериб, уларга иш кунлари 20:00 дан 8:00 гача, шунингдек, дам олиш кунлари уйлар ёнида бепул тўхташга рухсат берди (бунинг учун маълумотлар базасига киритиладиган автомобиллар рўйхати билан аҳолидан мурожаат керак).
Тиббиёт муассасалари ва бошқа ижтимоий объектларга ташриф буюрувчилар учун имтиёзли тўхташ жойига келсак, шаҳар расмийлари бу механизмни жорий этишни муҳокама қилмоқда. Муассасалар маъмурияти автотураргоҳ оператори орқали ташриф буюрувчиларнинг тўхташ вақтини назорат қилиши керак бўлади. Агар тўхташ жойлари бепул бўлса, уларни бошқалар эгаллаб олади, дея қайд этишди компанияда.
«Барча тўхташ жойлари ЙҲХБ билан келишилади»
«Poytaxt Parking» автотураргоҳларни қаерда ташкил этишни ўзи танламаслигини маълум қилди: «Пуллик автотураргоҳ жойларини ташкил этиш зарур бўлган кўчаларни шаҳар эҳтиёжларидан келиб чиқиб, шаҳар ҳокимлиги белгилайди. Пуллик автотураргоҳ зоналарини яратиш бўйича ишлар қатъий равишда тасдиқланган йўл ҳаракатини ташкил этиш (ЙҲТ) схемаси бўйича амалга оширилади. ЙҲТ мажбурий тартибда ваколатли органлар, жумладан, ЙҲХБ ва шаҳар ҳокимлиги билан келишилади».
«Ҳар бир чизиқ, ҳар бир йўл белгиси, тўхташ маконининг ҳар бир чегараси қатъий равишда тасдиқланган ЙҲТ схемаси бўйича ўрнатилади. Биз тасдиқланган ЙҲТ схемаси мавжуд бўлмаган ҳудудларда автотураргоҳлар яратишга ҳаққимиз йўқ», — дейишди компанияда.
ХДП таъкидлаганидек, белгилар бир вақтда тўхташни тақиқлайдиган ва пуллик автотураргоҳга рухсат берадиган жойлар йўқ, дея таъкидлади компания.
«Сармоялар инфратузилма ва солиқлар кўринишида аҳолига қайтади»
«Оператор сифатида биз шаҳар олдида пуллик автотураргоҳ зоналарини белгиланган тартибда яратиш, сақлаш ва эксплуатация қилиш бўйича мажбуриятларни оламиз. Пуллик автотураргоҳ зоналарини яратиш, сақлаш ва эксплуатация қилиш бўйича барча харажатлар оператор сифатида бизга ўтказилган. Шу билан шаҳар бюджети маблағларни тежайди», — дея қайд этди компания.
«Poytaxt Parking» автотураргоҳ жойларини белгилашдан ташқари, зарур бўлган жойларда кўча белгиларини ҳам ўз ҳисобидан янгилайди, асфальтни таъмирлайди ёки тўлиқ алмаштиради, тротуарларни автомобиллар киришидан ҳимоя қилиш учун бордюрлар, устунлар ўрнатади, хавфсизлик оролчаларини ташкил қилади. Бунинг натижасида пойтахт кўчаларининг кўплаб қисмларида ўн йиллар ичида биринчи марта тартиб пайдо бўлди ва тартибсиз тўхташ йўқолди.
«Барча тўхташ жойлари давлат томонидан белгиланган ижара ставкаси бўйича операторга ижарага берилган. Ижара тўловлари мажбурийдир ва операторнинг хўжалик фаолиятига боғлиқ эмас, яъни фойда олинганми ёки зарар кўрилганми, бу тўловларга таъсир қилмайди. Ижара тўловлари қатъий ва тўлаш мажбурий. Оператор бу мажбуриятларни бажармоқда», — дея маълум қилди компания.
Оператор, шунингдек, Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги махсус фондга қатъий суммада маблағ ажратади. Бу ҳам фаолият натижаларига боғлиқ эмас. «Бу маблағлар шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилади: жамоат транспортини сотиб олиш, велойўлакларни ривожлантириш, яшил зоналарни кенгайтириш ва бошқалар».
«Компания ўз фаолиятини оммавий ва шаффоф олиб бормоқда. Барча солиқлар ва мажбурий тўловларни тўлайди. Кўп сонли ходимларни, жумладан, 40 дан ортиқ кар-соқов юртдошларимизни расмий иш билан таъминлади, уларнинг аксарияти илгари шаҳарнинг норасмий иқтисодиётида норасмий ишлаган», — дея қўшимча қилди компания.
«Оператор томонидан яратилган барча инфратузилма (асфальт, бордюрлар, йўл белгилари, чизиқлар, мобил илова ва дастурий таъминот) шаҳар ҳокимлигига топширилади. Бу шаҳар ҳокимлиги томонидан мажбурий шарт бўлган ва оператор бу мажбуриятларни бажармоқда. Бошқача айтганда, пуллик автотураргоҳлардан тушган маблағларнинг катта қисми шаҳар аҳолисига — ижара тўловлари, махсус фондга ажратмалар, солиқлар, яратилган пуллик автотураргоҳлар инфратузилмаси ва янги иш ўринлари кўринишида қайтади», — дея таъкидлади Streetpark Systems.
«Оператор монополист эмас»
Етарлича очиқ эмаслик ҳақидаги эътирозларга жавобан, компания ҳокимлик операторни танлаш бўйича очиқ аукцион ўтказганини маълум қилди. «Аукцион натижалари ҳақидаги ҳужжатлар савдо ташкилотчисида очиқ мавжуд. Шаҳар ҳокимлигининг пуллик автотураргоҳлар ташкил этиш тўғрисидаги қарорлари ҳам очиқ мавжуд: ҳокимликнинг 2023 йил 3 март, 2024 йил 16 октябрь ва 21 октябрдаги қарорлари, аукцион натижалари)».
Компания инфратузилмани яратишга сарфланган маблағлар суммасини, шунингдек, пуллик автотураргоҳлар ишидан ҳозирги пайтда олинган маблағларни маълум қилмади. Май ойида лойиҳани ишга туширишга 10 миллион доллар сармоя киритилгани, 13,2 минг машина ўрнига ер ижараси учун компания Тошкент ҳокимлиги балансига ҳар йили 63 миллиард сўм, иловадан фойдаланганлик учун яна йилига 9 миллиард сўм ўтказиши кераклиги ҳақида хабар берилган эди. Тизимнинг биринчи йилида компания Тошкент Йўл ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш фондига ҳам 55 миллиард сўм киритиши керак. Келажакда бу сумма ўсиб боради.
«Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, дунёда биттадан ортиқ оператор ишлайдиган шаҳар йўқ. Бу иккита муҳим омил билан боғлиқ: 1) пуллик автотураргоҳлар — бу соф тижорат эмас, балки оммавий лойиҳа бўлиб, тариф сиёсатини, тўхташ жойларини муниципалитет назорат қилади. Тошкентда ҳам ҳокимликнинг ўзи нархларни белгилайди ва тўхташ жойларини ижарага бериб, мулкдорлик ҳуқуқини ўзида сақлаб қолган; 2) биттадан ортиқ операторнинг мавжудлиги шаҳар аҳолиси учун пуллик автотураргоҳ хизматларидан фойдаланишни мураккаблаштиради», — дея қайд этди компания.
«Барча мамлакатларда пуллик автотураргоҳ жорий этилиши норозилик билан кутиб олинган, аммо дунёда ҳозиргача бундан яхшироқ ечим топилмаган. Тартибсиз тўхташ, ҳайдовчиларнинг йўл белгиларига эътиборсизлиги, тўғри белгиларнинг йўқлиги муаммолари йиллар давомида мавжуд эди. Шаҳардаги автомобиллар сонини камайтириш ва уни ҳамма учун қулай қилиш учун бир қатор чора-тадбирлар комплекси кераклиги аниқ ва пуллик автотураргоҳлар бу чораларнинг бир қисми холос. Бу борадаги ишлар ҳокимлик, ЙҲХБ, автотураргоҳлар оператори ва бошқа тузилмалар билан биргаликда олиб борилмоқда», — дейилади изоҳда.