Пўлат Бобожонов кадрлар сиёсати бўйича президент маслаҳатчисининг ўринбосари бўлди

Пўлат Бобожонов расм

Генерал-лейтенант Пўлат Раззоқович Бобожонов Ўзбекистон Республикаси президентининг кадрлар сиёсати бўйича маслаҳатчисининг ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақида ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Пўлат Бобожонов (1961 йилда туғилган) 2017 йил сентябридан буён — қарийб 7,5 йил давомида Ички ишлар вазирлигини бошқарган.

ИИВ раҳбари лавозимига тайинланишидан аввал, 2012 йилдан бошлаб Хоразм вилояти ҳокими бўлиб ишлаган. Ундан олдин Бухоро ва Жиззах вилоятлари прокурори лавозимларида фаолият юритган. 2005—2006 йилларда Бош прокуратуранинг Солиқ ва валюта жиноятларига қарши курашиш департаменти бошлиғи, 2000—2005 йилларда бош прокурорнинг ўринбосари бўлган.

Аввалроқ хабар берилганидек, янги ички ишлар вазири этиб генерал-майор Азиз Анварович Тошпўлатов тайинланди. У аввал Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил август ойида Ўзбекистон президенти администрациясининг тузилмаси янгиланган эди. Ўшанда Ғофуржон Мирзаев кадрлар сиёсати масалалари бўйича президент маслаҳатчиси — Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори лавозимига тайинланган эди.