Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 02/03/2026

Покистон «Толибон» билан «очиқ уруш» бошланганини эълон қилди

Покистон мудофаа вазири Хаважа Осиф Афғонистонда ҳокимият тепасида турган «Толибон» ҳаракати билан «очиқ уруш» бошланганини эълон қилди, деб хабар бермоқда Associated Press.

Осифнинг сўзларига кўра, толиблар ҳукумати Афғонистонни «Ҳиндистон колонияси»га айлантирган, мамлакатга «бутун дунёдан террорчиларни» тўплаган ва терроризмни «экспорт қилишни» бошлаган.

«Покистон вазиятни нормал сақлаш учун бевосита ва дўст давлатлар орқали барча имкониятларни ишга солди… Лекин толиблар Ҳиндистоннинг қўғирчоғига айланди… Сабр-тоқатимиз тугади. Энди орамизда очиқ уруш кетмоқда», — деб ёзди X тармоғида.

Воқеалар ривожи

2026 йил 26 февраль куни «Толибон» Покистон кучларининг зарбаларига жавобан чегарадош вилоятларда Покистонга қарши операция бошлаганини эълон қилди.

2026 йил 22 февраль куни Покистон Афғонистонга бир нечта ҳаво зарбаларини берди, натижада, толибларнинг даъвосига кўра, камида 18 киши ҳалок бўлган. Исломобод зарбалар Покистондаги бир қатор яқинда содир этилган худкуш-террорчилар ҳужумларига, жумладан масжиддаги терактга жавобан Покистон-Афғонистон чегараси яқинидаги жангарилар лагерларига қаратилганини маълум қилди.

27 февраль куни эрталаб Покистон «Ҳаққоний ғазаб» операциясини бошлади ва Кобул, Қандаҳор ҳамда Пактия вилоятидаги толибларнинг ҳарбий объектларига ҳужум қилганини билдирди.

Покистон ҳарбийлари вакилининг таъкидлашича, зарбалар натижасида 228 нафар толиб ўлдирилган, яна 300 дан ортиғи яраланган, «Толибон»нинг 74 та назорат-ўтказиш пункти йўқ қилинган, 18 таси эгаллаб олинган.

Афғонистон Мудофаа вазирлиги 26 февраль оқшомида, ўз навбатида, Покистоннинг иккита базаси ва 19 та назорат-ўтказиш пунктини қўлга киритганини эълон қилди. Идора даъвосига кўра, 55 нафар покистонлик аскар ўлдирилган.

Покистон ва Афғонистон ўртасидаги кескинлик бир неча ойдан бери давом этмоқда. 2025 йил октябрь ойида икки давлат чегарасида қуролли тўқнашувлар содир бўлган, натижада иккала томондан ўнлаб ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлган эди. Кейинроқ давлатлар сулҳ тузишга келишиб олган, бироқ вақти-вақти билан ўзаро ўқ отишлар давом этган, деб қайд этади AP.