Ўзбекистонда чет элга чиқиш учун паспортни почта орқали олиш имконияти яратилади. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 4 ноябрда имзоланди.
Бунда маълумотлар йиғиш марказида ариза қолдирилаётганда, тайёр бўлгандан сўнг, ҳорижга чиқиш учун биометрик паспортни почта орқали олишни кўрсатиш керак бўлади.
Паспорт тайёр бўлгандан сўнг почта орқали юборилади ва почта ходими телефон орқали эгаси билан алоқага чиқиб, паспортни манзил бўйича етказиб бериши мўлжалланган. Бу хизмат пуллик ва нархи почта хизмати томонидан ўрнатилади. Тўловлар қайтарилмайди.
Тошкент шаҳри ва вилоятларнинг марказий шаҳарлари бўйича етказиш муддати 2 иш куни деб режалаштирилган. Агар етказилган вақтда, қабул қилувчи манзил бўйича бўлмаса, 10 кун давомида почта хизмати бўлимидан олиб кетиши мумкин бўлади. 10 кун давомида олиб кетилмаган биометрик паспорт қайта маълумотлар йиғиш марказига юборилади.
Биометрик паспортни беришда почта ходими эгасини қўл бармоқлари изи ёки Face ID орқали текшириб, ҳужжат эгасига топшириши мумкин. Тайёр ҳужжат фақатгина 16 ёшдан кичик бўлмаган ва ҳужжатда кўрсатилган шахсга (эгасига) берилиши мумкин.
Ушбу хизмат ишга туширилиш муддати ҳақида алоҳида хабар берилади.