
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 13 январь куни пиротехника буюмлари муомаласи тўғрисидаги қонунни имзолади. Ҳужжат 14 мартдан кучга киради.
Қонун жисмоний ва юридик шахсларга I тоифадаги пиротехника буюмларини ишлаб чиқариш, олиб кириш, ташиш, топшириш, сотиб олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишга рухсат беради. Уларга бенгаль оловлари, стол усти фонтанлари, хавфлилик радиуси 0,5 метрдан ошмайдиган хлопушкалар киради.
Хавфлиликнинг II-V синфларига мансуб пиротехника воситаларини ишлаб чиқариш ва муомалага чиқариш тақиқланади, давлат иштирокидаги мудофаа саноати корхоналари учун зарур бўлган ҳолатлар бундан мустасно.
Эркин муомалада бўлиши тақиқланган пиротехника буюмлари:
- II хавфлилик синфи — петардалар, кўча фонтанлари ва хавфли ҳудуд радиуси 5 метргача бўлган шунга ўхшаш буюмлар;
- III синф — хавфли ҳудуд радиуси 20 метргача бўлган қурилмалар, масалан, пиротехника шарлари ва салют батареялари;
- IV синф — радиуси 20 метрдан ортиқ бўлган боғ ёки баландлик фейерверклари ва салютлари;
- V синф — гидрометеорологик, қутқарув ва бошқа махсус мақсадларда қўлланиладиган буюмлар (ракеталар, сигнал оловлари, темир йўл петардалари).
Оммавий тадбирларда фейерверклар ташкил этиш учун хавфлиликнинг III-IV синфларига мансуб пиротехника буюмларини олиб кириш, ташиш, сақлаш ва улардан фойдаланишга фақат давлат иштирокидаги мудофаа саноати корхоналари томонидан йўл қўйилади.
Оммавий тадбирларни ўтказиш учун III-IV хавфлилик синфидаги пиротехника воситаларини олиб кириш, ташиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш учун президент ёки ҳукумат қарорига асосан Мудофаа вазирлиги масъул ҳисобланади.
Миллий гвардия, ички ишлар органлари ва божхона хизмати пиротехника муомаласини назорат қилади.
Пиротехника воситаларидан ноқонуний фойдаланганлик учун жарима миқдори БҲМнинг 5−20 бараваридан (2,06 млн сўм — 8,24 млн сўм) БҲМнинг 15−25 бараваригача (6,18 млн сўм — 10,3 млн сўм) оширилди.
Аввалроқ Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов 2024 йилда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга (185-1-модда) пиротехникани ноқонунийдан фойдаланиш, ишлаб чиқариш, сақлаш ва олиб кириш учун жарималарни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилганига қарамай, бундай ҳуқуқбузарликлар сони ўсишда давом этаётганини таъкидлаган эди.