Сенат хавфли турдаги пиротехника воситаларини сотиш ва ишлатиш учун жарималарни оширишни маъқуллади

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 2025 йил 1 ноябрдаги мажлисида «Пиротехника буюмларининг муомаласи тўғрисида»ги Қонунни маъқуллади, дея хабар берди парламент юқори палатаси матбуот хизмати. Ҳужжат Президентга кўриб чиқиш учун юборилди.

Қонун пиротехника буюмларининг муомаласи бўйича аниқ қоидаларни белгилайди ва улардан ноқонуний фойдаланиш учун жавобгарликни кучайтиради.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳоновнинг маълум қилишича, сўнгги йилларда мамлакатда пиротехника буюмларининг ноқонуний айланмасининг олдини олиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. 2024 йилда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга (185-1-модда) пиротехникадан ноқонуний фойдаланиш, ишлаб чиқариш, сақлаш ва олиб кириш учун жарималарни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилганига қарамай, бундай ҳуқуқбузарликлар сони ўсишда давом этмоқда.

«Агар 2022 йилда 1997 киши, 2023 йилда эса 1342 киши жавобгарликка тортилган бўлса, 2024 йилда бу рақам қарийб икки баравар ошиб, 2891 тани ташкил этди», — дея таъкидлади сенатор.

ИИВ вакилининг сўзларига кўра, янги йил тадбирларига тайёргарлик доирасида 2025 йил 1 октябрдан бошлаб 12 мингдан ортиқ ходим жалб қилинган 20 мингта рейд ўтказилди. Тахминан бир ой ичида 23 та ҳолатда умумий қиймати 1,5 млрд сўм ва сони 6,8 млн дона бўлган пиротехника мусодара қилинган. 3 та ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилган, 20 та ҳолатда эса маъмурий жавобгарликка тортилган.

Божхона органлари маълумотларига кўра, 10 ой давомида қарийб 1,5 млрд сўмлик пиротехника мусодара қилинган. Ўтган йилга нисбатан мусодара қилинган маҳсулот ҳажми (суммаси бўйича) 70%дан ортиқ ошган. Шунингдек, 650 минг дона пиротехника буюмлари олиб қўйилган.

15 моддадан иборат қонун пиротехника буюмларининг — ёниш (портлаш) орқали оптик, акустик, электрик ва бошқа визуал эффектларни яратишга мўлжалланган қурилмаларнинг эркин ва чекланган муомаласини мустаҳкамлайди.

Бундан ташқари, қўллаш мақсадлари ва соҳалари белгиланади, асосий тушунчалар киритилади ва пиротехника буюмларининг бешта хавфлилик синфи бўйича — I дан V гача таснифи жорий этилади.

Ҳужжатга кўра, I хавфлилик синфига мансуб — хавфли зона радиуси 0,5 метрдан ошмайдиган бенгал шамлари, стол фонтанлари, хлопушкалар — эркин муомалада рухсат этилади.

II хавфлилик синфига мансуб — хавфли зона радиуси 5 м гача бўлган петардалар, кўча фонтанлари ва шунга ўхшаш буюмлар — юқори хавф манбаи деб тан олинади ва жисмоний ва юридик шахслар томонидан ишлаб чиқарилиши, сақланиши, сотилиши ва ишлатилиши тўлиқ тақиқланади.

III синфга хавфли зонаси радиуси 20 метргача бўлган қурилмалар, масалан, пиротехника шарлари ва салют батареялари киради. IV синфга радиуси 20 м дан ортиқ бўлган парк ёки баландликдаги фейерверклар ва салютлар, V синфга эса гидрометеорологик, қутқарув ва бошқа махсус мақсадларда қўлланиладиган буюмлар (ракеталар, сигнал чироқлари, темир йўл петардалари) киритилади.

Давлат мудофаа саноати корхоналари томонидан ишлаб чиқарилиши ва ишлатилиши бундан мустасно, II–V хавфлилик синфларига мансуб пиротехника муомаласи тақиқланади.

Шу билан бирга, III–V хавфлилик синфларига мансуб пиротехника буюмларидан Президент ёки Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан тасдиқланган, ташкиллаштирилган фейерверклар билан оммавий тадбирларни ўтказиш, шунингдек, саноат ва ҳарбий мақсадларда фойдаланишга рухсат берилади. Бундай тадбирлар Мудофаа вазирлиги назорати остида ўтказилади.

Пиротехника муомаласи устидан давлат назорати Миллий гвардия, ички ишлар органлари ва божхона хизматларига юклатилган. Улар пиротехника буюмларини ноқонуний ишлаб чиқариш, олиб кириш, сақлаш ва сотиш ҳолатларини аниқлаш ва тўхтатиш, айбдорларни жавобгарликка тортиш ваколатига эга.

Бундан ташқари, Қонун билан пиротехникадан ноқонуний фойдаланиш учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилмоқда — жарима миқдори 5–20 базавий ҳисоблаш миқдоридан 15–25 БҲМгача (6,18 млн сўмдан 10,3 млн сўмгача) оширилди.

Шунингдек, пиротехника буюмлари муомаласига оид лицензия ва рухсатномалар бекор қилиниши муносабати билан «Ички ишлар органлари тўғрисида», «Қурол тўғрисида», «Давлат божи тўғрисида» ва «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонунларга ўзгартиришлар киритилди.

Аввалроқ Қонунчилик палатасида портатив лазер нурлаткичларининг ноқонуний муомаласи учун маъмурий жавобгарлик киритиш таклиф қилинган эди, бироқ Сенат мажлисида бу норма муҳокама қилинмади.

Қонун парламент қуйи палатаси томонидан 2025 йил 15 июлда биринчи ўқишда, 29 июлда эса иккинчи ва учинчи ўқишларда қабул қилинган эди.