
Ижтимоий тармоқларда кўп қаватли уй йўлагида қўлида пичоқ билан юрган номаълум шахс акс этган видео кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
Воқеа 2026 йилнинг 5 январь куни тунги соат 01:35 атрофида Яшнобод туманида юз берган. Аниқланишича, 1984 йилда туғилган фуқаро О.С. маст ҳолатда бўла туриб, қўшниси Д.Ю.нинг хонадони эшигини тақиллатган ва унинг тинчлигини бузган.
Шунингдек, ҳуқуқбузар жамоат жойида совуқ қурол сифатида ишлатилиши мумкин бўлган ашёни қонунга хилоф равишда ўзи билан олиб юриб, атрофдагилар хавфсизлигига таҳдид солган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ички ишлар органлари ходимлари томонидан зудлик билан тезкор тадбир ўтказилиб, ҳуқуқбузар маъмурий тартибда қўлга олинган. Яшнобод тумани ИИО ФМБ томонидан фуқаро О.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг бир нечта моддалари билан баённома расмийлаштирилди:
- 183-модда (Майда безорилик);
- 185-2-модда (Совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш);
- 194-модда (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик).
Тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судига тақдим этилди. Суд мазкур ҳуқуқбузарлик ишини кўриб чиқиб, О.С.га нисбатан қонуний жазо тайинлади. Ҳуқуқбузар маъмурий қамоқ жазосига тортилди.

