Трамп АҚШ Мудофаа вазирлигини Уруш вазирлиги деб қайта номламоқчи

АҚШ президенти Дональд Трамп жума куни Мудофаа вазирлигини (Department of Defense) Уруш вазирлиги (Department of War) деб қайта номлаш тўғрисидаги фармонни имзолаш ниятида. Бу ҳақда Washington Post хабар берди.

«Уруш вазирлиги номига қайтиш ушбу идоранинг эътиборини миллий манфаатларимизга қаратиб, душманларга Америка ўз манфаатларини таъминлаш учун урушга тайёр эканлигини билдиради», — дея иқтибос келтиради Washington Post бўлажак фармонни тасвирловчи ҳужжатдан.

Пентагон номи билан ҳам танилган вазирлик номини ўзгартириш режалари ҳақида Трамп 2025 йил август ойи охирида журналистларга айтган эди. «Биз Биринчи жаҳон урушида, Иккинчи жаҳон урушида ғолиб чиқдик — у Уруш вазирлиги деб номланган ва менимча, у шундай бўлиши керак», — деган эди ўшанда Америка президенти.

WP қайд этишича, президент 1789 йилда Конгресс томонидан ташкил этилган вазирлик номини бир томонлама ўзгартира олиши аниқ эмас. Шунингдек, тўлиқ ном ўзгартирилиши режалаштирилганми ёки Трамп маъмурияти Мудофаа вазирлигининг аксарият тарихий рамзларини ўзгаришсиз қолдирмоқчими, номаълум.

Ҳужжатга кўра, деб ёзади WP, Оқ уй Уруш вазирлиги «Мудофаа вазирлигининг иккинчи номи сифатида» ишлатилишини айтиб, Конгресс қарорини четлаб ўтишга ҳаракат қилиши мумкин. Бу Пентагон раҳбари Пит Хегсет ва идоранинг ўзига расмий ёзишмалар, оммавий хабарлар ва тантанали тадбирларда «Уруш вазирлиги» номидан фойдаланишга имкон беради.

Пентагонни «Уруш вазирлиги» деб қайта номлаш, шунингдек, катта харажатларни талаб қилади, чунки идоранинг расмий эмблемалари бутун дунё бўйлаб юзлаб объектлар ва ҳукумат биноларида мавжуд, дея қайд этади WP.

АҚШ Уруш вазирлиги биринчи марта 1789 йилда пайдо бўлган. Бу ном Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан кейин, 1947 йилда қўллашдан тўхтатилган ва 2 йил ўтгач, идора Мудофаа вазирлиги деб атала бошлаган.