
Ўзбекистонда қарздорликни ундиришда пенсионерлар учун ижтимоий кафолатларни кучайтириш, пенсиялардан ушланмаларнинг чекланган миқдорини белгилаш ва жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақлари тизимини ислоҳ қилиш режалаштирилмоқда. Бу президентнинг 2026 йил 16 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2026 йилги давлат дастурида кўзда тутилган.
Ҳужжатда «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиш назарда тутилган бўлиб, унга кўра қарздорлик ундирилганидан кейин пенсионернинг даромади минимал даражада сақланиб қолиши ҳақидаги норма жорий этилади.
Ташаббусга кўра, жарималар, алимент, коммунал ва бошқа қарзлар чегириб ташланганидан кейин пенсионерда қоладиган сумма расман белгиланган минимал истеъмол харажатларидан (камбағаллик чегарасини белгиловчи кўрсаткич) паст бўлмаслиги керак. Ҳозирда МИХ миқдори 669 минг сўмни ташкил этади.
Қўшимча равишда, ҳар ойлик ушланмаларнинг умумий ҳажмига чекловни қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйиш режалаштирилган. Ундириладиган маблағ миқдори ҳисобланган пенсиянинг 50 фоизидан ошмаслиги лозим.
Ўзгартиришларни тайёрлаш бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги масъул этиб белгиланди.
2026 йил 1 февраль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда пенсия олувчилар сони қарийб 4,3 миллион кишини ташкил этади, шундан 3,55 миллиони — ёшга доир, 484,5 минг нафари — ногиронлик бўйича, 256,4 минг нафари — боқувчисини йўқотганлик бўйича пенсия олади. Мамлакат бўйича пенсиянинг ўртача миқдори 1,58 млн сўмни, Тошкент шаҳрида эса 2,16 млн сўмни ташкил этади.
Жамғариб бориладиган пенсия
2026 йил сентябрь ойигача пенсия ёшига етган фуқароларга шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағларни беришни рухсат этувчи ҳужжат ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, 2026 йил якунига қадар жамғариб бориладиган пенсия тизимини ислоҳ қилишнинг комплекс дастурини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Таклиф этилаётган ўзгаришлар сирасига қуйидагилар киради:
- пенсия жамғармалари инфляция туфайли қадрсизланмасдан, реал даромад келтириши учун капиталлаштиришнинг самарали механизмларини жорий этиш;
- пенсия жамғармалари маблағларини узоқ муддатли инвестиция лойиҳаларига йўналтириш;
- пенсия активларидан фойдаланиш ҳисобига капитал бозорини ривожлантириш.
Ислоҳотни тайёрлаш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурида халқаро маслаҳатчиларни жалб қилган ҳолда махсус лойиҳа офиси ташкил этилади.
Таққослаш учун: Қозоғистонда 2021 йилдан бошлаб фуқароларга Ягона жамғариб бориладиган пенсия жамғармасидаги маблағларнинг «ортиқча» қисмидан уй-жой сотиб олиш ва даволаниш учун фойдаланишга рухсат берилган.
Пенсия жамғармаси маблағлари давлат облигацияларини сотиб олиш учун ишлатилиши мумкин. Улар хавфсиз инвестиция ҳисобланади, чунки давлат маблағларни фоизи билан қайтаришни кафолатлайди. Шунингдек, пенсия маблағлари корпоратив облигациялар ва компаниялар акцияларини сотиб олишга ҳам йўналтирилади.
2025 йилнинг июль ойида Ўзбекистон Марказий банки кредит ташкилотларидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ажратиладиган нафақа ва моддий ёрдам пулларини кредит қарздорлигини ёпиш учун автоматик тарзда ечиб олишни тўхтатишни талаб қилган эди.
Мамлакатда, шунингдек, минимал пенсия ёшини босқичма-босқич ошириш — эркаклар учун 60 дан 63 ёшгача, аёллар учун 55 дан 58 ёшгача ошириш масаласи кўриб чиқилмоқда. Пенсия жамғармаси вакилининг сўзларига кўра, минимал ёшни оширишнинг иккита варианти таҳлил қилинмоқда.