
Ўзбекистонда ёшга доир пенсиялар энди проактив шаклда — яъни ариза топширмасдан тайинланади. Қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил 19 май куни имзоланган қонун билан тасдиқланди. Сенат қонунни 2025 йил 30 апрель куни маъқуллаган эди.
«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, эркаклар 60 ёшга, аёллар эса 55 ёшга тўлганда, Пенсия жамғармаси ёки Давлат хизматлари марказига шахсан мурожаат қилиш заруриятисиз, пенсия автоматик тарзда тайинланади.
Илгари пенсия тайинлаш учун фуқаролар ариза топширишлари ва тўловларга бўлган ҳуқуқларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишлари керак эди. Энди бу жараён вазирликлар ва идоралар ўртасидаги ахборот алмашинуви доирасида автоматлаштирилади.
Пенсия ёшига етган фуқароларга пенсия тайинлангани ва унинг миқдори ҳақида SMS-хабар орқали маълум қилинади. Пенсия миқдори юзасидан эътирозлар мавжуд бўлса, фуқаролар хабарнома олинганидан кейин 10 кун ичида Ягона давлат хизматлари портали ёки пенсия бўлими орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Қонунда, шунингдек, агар фуқаро пенсия ёшига етган бўлса-да, ишлашни давом эттирса ва пенсияни кейинроқ олишни хоҳласа, тайинланган ёшга доир пенсиядан воз кечиш тартиби ҳам назарда тутилган.
Пенсия тизимидаги янгиликлардан ташқари, қонун барча турдаги нафақаларни тайинлаш ва тўлаш ваколатларини Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ўтказишни назарда тутади. Шу муносабат билан «Давлат божи тўғрисида»ги ва «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиришлар киритилиб, бу эҳтиёжманд фуқаролар тоифаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жараёнини оптималлаштиради.
Ҳужжатни 2025 йил февраль ойида Қонунчилик палатасида муҳокама қилиш чоғида Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Гулнора Раҳимова ушбу ўзгаришлар туфайли йилига ўртача 250 минг киши ариза топшириш учун Пенсия жамғармаси ва давлат хизматлари марказларига бормаслигини, бу уларга вақт ва маблағ тежаш имконини беришини хабар қилган эди.