
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ижтимоий тармоқларда бу йил пахта теримчиларига 1 кг учун 1800 сўм тўланиши ҳақидаги хабарларни рад этди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, бу йил техника ёрдамида терилган 1 кг пахта учун 1373 сўм тўланади. Қўлда терилган 1 кг пахта учун эса 2000 сўм «тавсия этилган нарх» этиб белгиланди. Шу билан бирга, қўлда териш нархи кластер раҳбарлари, фермерлар ва теримчилар ўртасидаги ўзаро келишув асосида белгиланиши мумкин.
Бундан ташқари, пахта етиштириш харажатларини қоплаш учун фермерларга давлат бюджетидан ҳар бир килограмм учун 1000 сўм миқдорида субсидия ажратилади.
Вазирликнинг таъкидлашича, бу тизим ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, теримчилар меҳнатини рағбатлантириш ва аграр соҳада барқарорликни таъминлашга қаратилган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги пахта териш нархлари ҳақидаги маълумотлар фақат расмий манбалар орқали эълон қилинишини, ёлғон маълумотларни тарқатиш эса қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлигини эслатиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2025 йил 17 январдаги фармони билан пахта етказиб берувчиларга харидорларни эркин танлаш ҳуқуқи берилди, аммо ҳозирча ўз минтақалари доирасида. Имтиёзли кредитлардан фойдаланмаган ҳолда пахта етиштирадиган фермерларга биржада пахта сотувидан тушган маблағнинг 10% миқдорида субсидиялар берилади.

