Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

Ўзбекистон санкция хавфлари сабабли целлюлоза ва пахта маҳсулотлари экспорти устидан назоратни кучайтирди

Ўзбекистон санкцияларга тушиб қолиш хавфи туфайли целлюлоза ва пахта маҳсулотлари экспорти устидан назоратни кучайтирди. Бу ҳақда 2026 йил 21 февраль куни Тошкент вилояти тадбиркорлари билан ўтказилган очиқ мулоқотда бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев маълум қилди.

Bumfa Group Asia хорижий корхонаси раҳбари (хўжалик-рўзғор ва санитария-гигиена мақсадлари учун қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқаради) Шокиржон Додожонов 7 январдан буён Божхона қўмитаси компания маҳсулотлари экспортини амалда тўхтатиб қўйганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, чекловларнинг расмий сабаби тушунтирилмаяпти. Натижада 100 нафар ходим ҳақ тўланмайдиган таътилга юборилган, зарар миқдори эса 2 млрд сўмдан ошган.

Инвестициялар, саноат ва ташқи савдо вазирлиги Ташқи савдо департаменти бошлиғи Иномжон Абдураҳмонов тегишли хулоса бериш тартиби аллақачон ишлаб чиқилгани ва яқин орада Вазирлар Маҳкамасига киритилишини билдирди. У тасдиқланганидан кейин вазирлик экспортчиларга хулосалар беришни бошлайди.

«Бир нарсани эслатиб ўтмоқчиман, ҳурматли тадбиркорлар. Гап умуман олганда целлюлоза ва шунга ўхшаш товарлар экспортини тақиқлаш эмас, балки назорат ўрнатиш ҳақида кетмоқда. Бунинг устига, қаттиқ назорат — ва бу нафақат Ўзбекистоннинг, балки умуман барча ишлаб чиқарувчиларнинг ташаббуси. Агар зарур текширувларни ўтказмасак, бутун тизим санкциялар остида қолиши мумкин. Агар у санкцияга тушса, сиз тўловларни қабул қилолмайсиз — маблағлар ўтмайди, вазият ниҳоятда оғирлашади», — деди бош вазир ўринбосари.

Шу муносабат билан целлюлоза ва пахта момиғи экспорти бўйича текширув ўтказилмоқда, жумладан, харидорлар ўрганилмоқда ва улар ҳақидаги маълумотлар экспертизадан ўтказилмоқда.

Тадбиркорлар, шунингдек, банклар томонидан бўлаётган кечикишлардан ҳам шикоят қилишди. Бизнес вакилларининг сўзларига кўра, экспорт шартномалари бўйича ҳали 2025 йилнинг декабрида келиб тушган маблағлар берилмаяпти.

Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев тушунтиришича, санкция хавфлари аниқланганда банклар экспорт шартномалари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ҳуқуқига эга.

«Агар сизнинг экспорт шартномаларингиз бўйича контрагентлар SDN рўйхатига кирган бўлса ёки маҳсулот икки хил мақсадда ишлатилиши мумкин бўлса, бошқача айтганда, агар товарларингиз Россияга ёки Россияга экспорт қилувчи компанияларга сотилаётган бўлса, бундай шартномавий муносабатларни тўхтатиш керак», — деди.

Унинг сўзларига кўра, банкларнинг бундай шартномалар бўйича маблағларни ҳисобга киритишни рад этиши тадбиркорларнинг ўзларини ҳимоя қилишга қаратилган.

«Агар банклар бу маблағларни ҳисобингизга киритишдан бош тортаётган бўлса, бу сизнинг хавфсизлигингиз учун қилинмоқда. Агар транзит тўловлар қабул қилинса, бу ҳам банк учун, ҳам сиз учун санкцияларга сабаб бўлиши мумкин», — деб таъкидлади МБ вакили.

У Ўзбекистонда аллақачон санкцияга тушган компаниялар борлигини эслатиб ўтди.

«Биласизми, Ўзбекистонда аллақачон бир-иккита компания SDN рўйхатига киритилган ва уларнинг ҳисоб-китоб фаолияти тўхтатилган. Уларнинг экспорт ҳажми бор-йўғи 10-15 минг доллар атрофида эди», — деди Марказий банк раиси ўринбосари.

Унинг айтишича, айрим корхоналар маҳсулотлари потенциал равишда ҳарбий мақсадларда ишлатилиши мумкин, шу сабабли банклар қўшимча тасдиқномалар сўрашга ҳақли.

Bumfa Group Asia вакили целлюлоза ва пахта момиғи ўртасида сезиларли фарқ борлигини кўрсатиб ўтди. МБ раиси ўринбосари маблағларни музлатиб қўйиш масаласини муҳокама қилиш учун банклар билан алоҳида учрашув ўтказишни таклиф қилди.

Гигроскопик пахта ишлаб чиқарувчи бошқа бир компания вакили чекловлар нафақат Россияга етказиб беришга, балки бошқа мамлакатларга экспорт қилишга ҳам таъсир қилганини маълум қилди. Бош вазир ўринбосари корхона аёллар гигиена воситалари ишлаб чиқарувчи Европанинг Bella компанияси билан ҳамкорлик қилишини қайд этиб, хулоса беришни тезлаштиришни топширди.

«Целлюлоза ва пахта момиғи экспортчилари озгина тушунишларини истардим: Марказий банк раиси ўринбосари таъкидлаганидек, биз кўплаб процедураларни улар билан, яъни назорат қилувчи органлар билан, умуман санкциялар масалалари бўйича биргаликда ўтказишга мажбурмиз. Шу сабабли кўплаб жараёнлар чўзилмоқда. Аммо бу узоқ давом этмайди: бир марта рухсат олганингиздан сўнг, кейинчалик тўсиқларсиз экспортни амалга оширишингиз мумкин бўлади», — деди Жамшид Хўжаев.

2025 йил октябрь ойида Европа Иттифоқи ўзбекистонлик тадбиркор Рустам Мўминовни Россия порох заводларига пахта целлюлозаси етказиб беришга алоқадорлигини кўрсатиб, санкцияларнинг 19-пакетига киритган эди. Брюссель баҳосига кўра, у Фарғона пахта целлюлозаси ишлаб чиқариш заводини (Farg‘ona Kimyo Zavodi) назорат қилади, унинг маҳсулотлари Пермь ва Қозон порох заводларига етказиб берилгани иддао қилинади. Ушбу материаллардан Россия қуролли кучлари учун қурол-яроғ ишлаб чиқаришда фойдаланилган бўлиши мумкин.