
Telegram асосчиси Павел Дуров Россияда мессенжер фаолияти чекланишига изоҳ берди.
«Фуқаролар эркинлигини чеклаш ҳеч қачон тўғри қарор бўлмайди. Telegram сўз эркинлиги ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқини — босимлардан қатъи назар — ҳимоя қилади», — деб ёзди Дуров ўзининг Telegram-каналида.
Унинг фикрича, Россия ҳукумати Telegram’га киришни блоклаш орқали мамлакат аҳолисини «кузатув ва сиёсий цензура учун яратилган, давлат томонидан назорат қилинадиган иловага ўтишга» мажбур қилмоқчи.
«Саккиз йил олдин Эрон худди шу стратегияни қўллашга уринган ва муваффақиятсизликка учраган эди. У одамларни давлат алтернативасига ўтишга мажбурлаш учун уйдирма баҳоналар билан Telegram’ни тақиқлаган эди», — деб қайд этди Дуров ва тақиққа қарамай, «эронликларнинг аксарияти» ҳамон Telegram’дан фойдаланишини қўшимча қилди.
Куни кеча Россия ОАВлари Алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялар соҳасида назорат бўйича федерал хизмат (Роскомнадзор) Россия Федерациясида Telegram ишини секинлаштириш бўйича иш бошлашга қарор қилгани ҳақида хабар берди.
Роскомнадзор бунга жавобан Telegram «ҳамон Россия қонунчилигини ижро этмаётганини», шу сабабли идора мессенжерга қарши «изчил чекловлар» жорий этишда давом этишини маълум қилди.
Россиялик фойдаланувчилар 9 ва 10 февраль кунлари Telegram ишидаги муаммолар устидан фаол равишда шикоят қилишди, бироқ 11 февраль тонгида шикоятлар сони сезиларли даражада камайди, деб ёзади РБК нашри.
«Вёрстка» нашри Россия президенти администрациясидаги манбаларига таяниб ёзишича, Россияда Telegram’ни тўлиқ блоклаш ҳозирча режалаштирилмаяпти, бироқ Давлат Думасига сайловлар фонида шу йил охиригача бу эҳтимолдан холи эмас.
2025 йил август ойида Роскомнадзор Telegram ва WhatsApp орқали қўнғироқ қилишни чеклаган эди. Идора бу қарорни мессенжерлар «фирибгарлик ва пул ундириш, Россия фуқароларини диверсион ва террорчилик фаолиятига жалб қилиш учун фойдаланиладиган асосий овозли сервисларга айлангани» билан изоҳлади. 2025 йил декабрь ойи охиридан бошлаб WhatsApp иши аллақачон 70−80 фоизга чекланди, матнли хабарларни юборишда қийинчиликлар юзага келди.
Россияда 2018 йил апрель ойида ҳам мессенжер Россия Федерал хавфсизлик хизматига фойдаланувчилар хабарларини дешифрлаш калитларини беришдан бош тортгани сабабли Telegram’дан фойдаланишга чекловлар жорий этилган эди. 2020 йил июнь ойида Роскомнадзор Telegram асосчиси Павел Дуров «терроризм ва экстремизмга қарши курашишга» тайёрлигини эълон қилганини билдириб, блоклаш талабларидан воз кечган эди.