
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 30 июль куни парламент мухолифатининг ҳуқуқларини кенгайтирувчи қонунни имзолади. Ҳужжат 2025 йил 13 май куни Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 25 июнь куни Сенат томонидан маъқулланган эди.
Киритилган тузатишлар ўзини парламент мухолифати деб эълон қилган сиёсий партиялар фракцияларига қўшимча ҳуқуқлар беришни назарда тутади. Уларнинг сони 3 тадан 6 тагача ошади. Хусусан:
- Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилишидан олдин қонун лойиҳасининг ёки унинг алоҳида қоидаларининг муқобил таҳририни киритиш ҳуқуқи;
- Қонунчилик палатасида бир нафар қўмита раиси ва икки нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимини эгаллаш ҳуқуқи;
- Ҳар чоракда «ҳукумат соати» ва парламент сўрови доирасида камида битта масалани муҳокамага киритиш ҳуқуқи.
Ҳужжат «Олий Мажлис Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги ва «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партиялар роли кучайтирилиши муносабати билан»ги конституциявий қонунларга, шунингдек, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги, «Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги қонунларга тегишли ўзгартишлар киритади.
Бунга қадар парламент мухолифатига айни шу масала бўйича қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилишидан олдин қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни, шунингдек, Қонунчилик палатаси қарори лойиҳасини киритиш ҳуқуқи берилган эди.
Бундан ташқари, у муҳокама қилинаётган масалалар бўйича ўзининг алоҳида фикрини Қонунчилик палатаси ялпи мажлиси баённомасига киритиши мумкин, шунингдек, Сенат томонидан рад этилган қонун бўйича келишув комиссиясида ўз вакилларининг кафолатли иштирок этиш ҳуқуқига эга.
2024 йил ноябрь ойида президент янги даврда Ўзбекистон парламенти ҳақиқий халқ уйи, унинг қуйи палатаси эса ғоялар генератори, соғлом рақобат ва мунозаралар майдонига айланиши кераклигини таъкидлаган эди. У парламентда мухолифатни фаоллаштириш зарурлигини қайд этиб, унинг ҳуқуқларини кенгайтиришни таклиф қилди.
2025 йил май ойида ЎзЛиДеП (Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси) ва «Миллий тикланиш» демократик партияси «Тараққиёт блоки»га бирлашганидан сўнг, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўзини парламент мухолифати деб эълон қилди.
Парламент мухолифати сифатида ЎХДП ҳукумат ва парламентдаги кўпчиликнинг таклиф ва ташаббусларини танқидий кўриб чиқишни, улар бўйича ўз позициясини билдиришни режалаштирмоқда. Шунингдек, партия етакчиси Улуғбек Иноятовнинг хабар беришича, партияда кўпчилик томонидан тақдим этилган лойиҳалар электорат манфаатларига жавоб бермаса, муқобил қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва киритиш имконияти ҳам мавжуд.