
Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги сув ҳавзасида уч нафар вояга етмаган бола чўкиб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Текширув давомида аниқланишича, «Паркентсой» канали ўзанида 20х40 метр ўлчамли ва тахминан икки метр чуқурликдаги сув ҳавзаси пайдо бўлган бўлиб, у тақиқловчи белгилар билан белгиланмаган. Шунингдек, ушбу ҳудудда аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб борилмаган, сунъий равишда ҳосил бўлган сув ҳавзасини бартараф этиш чоралари кўрилмаган.
«Исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни текшириш, шунингдек, бир қатор тергов ҳаракатларини ўтказиш зарурлиги ҳисобга олиниб, Жиноят кодексининг 116-моддаси («Касб вазифаларини лозим даражада бажармаслик») ва 207-моддаси («Мансаб вазифаларига совуққонлик билан қараш») билан жиноят иши қўзғатилди», — дейилади хабарда.
Бош прокуратура аниқлик киритишича, ҳалок бўлганлар бир мактабда ўқиган 13, 12 ва 11 ёшли уч ўғил бола бўлган. Бахтсиз ҳодиса 2025 йил 14 июнь куни кундузи, бир гуруҳ болалар қуриб қолган канал ўзанидаги чуқурликлардан бирида сув йиғилган жойда чўмилиш учун келишганида содир бўлган.
Аввалроқ Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида бир кунда уч нафар мактаб ўқувчиси чўкиб кетгани ҳақида хабар берган эдик. Барча ҳолатлар «Охирги қўнғироқ»дан кейин содир бўлган. Туман мактаблари огоҳлантирилган, ўқитувчилар эса уйларни айланиб, болалар ота-онаси назоратида эканлигини текширишга мажбурланган.