
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбековнинг тўйда қўшиқ куйлаётгани ва меҳмонлардан пул олаётгани акс этган видео тарқалди. Ушбу тасвирлар кенг жамоатчилик муҳокамасига ва фойдаланувчиларнинг турлича баҳоларига сабаб бўлди.
Айрим фойдаланувчилар Назарбеков профессионал санъаткор экани ва мухлислар даврасида қўшиқ айтишга ҳақли эканини таъкидламоқда. Бошқалар эса вазир лавозимини эгаллаб турган шахснинг тўйларда даромад олишини номақбул деб ҳисобламоқда.
YouTube платформасидаги бошқа видеоларга кўра, ушбу ҳолат Ўзбекистон хизмат кўрсатган артисти Яҳёбек Мўминовнинг ўғлининг тўйида юз берган. Тадбирда маданият ва санъат соҳасининг кўплаб таниқли вакиллари, жумладан, Юлдуз Усмонова, Зоҳиршоҳ Жўраев, Жаҳонгир Позилжонов, Дилноза Кубаева, Рихситилла Абдуллаев, Элмурод Исломов ва бошқалар иштирок этган.
Маданият вазирлиги позицияси
Маданият вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, видео 2025 йил 25 октябрь куни вазирлик ходимларидан бирининг никоҳ тўйида тасвирга олинган.
«Бунда шуни инобатга олиш керакки, вазир бу ҳолатни олдиндан режалаштирмаган, мавжуд шароитда фуқароларнинг истагини рад этиш эса уларни атрофдагилар олдида ноқулай аҳволга солиб қўйиши ёки ҳурматсизлик сифатида нотўғри талқин қилиниши мумкин эди. Шуларни ҳисобга олиб, вазиятга ижобий муносабат билдирилганини кузатиш мумкин», — деб таъкидлади вазирлик.
Идора тўй тадбирларида ижрочиларга пул бериш «амалдаги қонунчиликда тақиқланмагани ва миллий урф-одат ҳамда қадриятларнинг бир қисми» эканини урғулади.
«Ўзбек анъаналарида бу каби жараёнлар асрлар давомида орзу-ҳавас сифатида қабул қилиб келинади», — дейилади изоҳда.
Шунингдек, вазирлик Озодбек Назарбеков нафақат маданият вазири, балки таниқли хонанда — Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон халқ артисти ҳамда хизмат кўрсатган маданият ходими эканини эслатиб ўтди.
«Унинг профессионал фаолияти бевосита миллий қўшиқчилик санъати билан боғлиқ бўлгани сабабли, тўйда кузатилган ҳолатни унинг касбий фаолияти билан боғлиқ лавҳа сифатида кўриш лозим. Ҳар бир инсон, эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, танлаган касбидан узилиб қола олмайди. Ушбу ҳолатга айнан шу нуқтаи назардан баҳо бериш керак», — деб баёнот берди Маданият вазирлиги.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги реакцияси
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги сўровга жавобан давлат хизмати ва одоб-ахлоқ тўғрисидаги қонунчилик нормалари бузилганини маълум қилди.
Идора «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддаси, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 595-сон қарори билан тасдиқланган Давлат хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари давлат хизматчиларига педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари бошқа ҳақ тўланадиган фаолият билан шуғулланишни тақиқлашини эслатиб ўтди.
Бундан ташқари, давлат хизматчилари иш вақтида ҳам, ишдан ташқари вақтда ҳам давлат хизмати обрўсига путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишлари ва ахлоқ нормаларига доимий риоя қилишлари шарт.
Ушбу қоидаларнинг 7-бандига кўра, давлат хизматчиси ўз хулқ-атвори ва маънавий фазилатлари билан жамоатчилик танқидига учрамаслик чораларини кўриши, асосли ва конструктив танқидни эса ўз фаолиятидаги камчиликларни бартараф этиш учун ишлатиши лозим.
Антикоррупция агентлиги Вазирлар Маҳкамасига Озодбек Назарбековни интизомий жавобгарликка тортиш ва унга қонунчилик талабларига риоя қилиш зарурлиги ҳақида қатъий огоҳлантириш бериш масаласини кўриб чиқиш бўйича сўров юборди.
Агентлик, шунингдек, бундан буён давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ нормаларига зид ҳаракатлари доимий мониторинг қилинишини билдирди.
2024 йилда Озодбек Назарбеков эркаклар кийими дўкони рекламасида кўриниш берган эди. Бу ҳам жамиятда муҳокамаларга сабаб бўлган. Маданият вазирлиги матбуот хизмати у моддий манфаат кўзламаганини айтган. Рақобат қўмитаси эса дўконни реклама тўғрисидаги қонунни бузган деб топиб, уни жаримага тортган эди.
2025 йил август ойида Назарбеков Андижондаги университетлардан бирининг реклама ролигида суратга тушди. Маданият вазирлиги вазирнинг тавсиялари «ижтимоий фойдали маълумот» экани ва «даромад олишга қаратилмаганини» маълум қилган.

