Ўзбекистон озиқ-овқат нархларини барқарорлаштириш учун доимий интервенция тизимини жорий этади

Ўзбекистон нархларни барқарорлаштириш мақсадида озиқ-овқат бозорига йил давомида интервенция қилиш тизимини яратади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 10 декабрь куни «Кўксарой» қароргоҳида қишлоқ хўжалиги ходимлари билан учрашувда маълум қилди.

Давлат раҳбари тез ўзгарувчан бозор конъюнктураси шароитида нархлар барқарорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи устувор бўлиб қолиши кераклигини таъкидлади.

«Ҳа, биз асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг куз-қиш мавсуми учун захирасини яратмоқдамиз. Энди бу ишни йил давомида амалга оширамиз ва нархлар барқарорлигини сақлаш учун доимий интервенция тизимини жорий этамиз», — деди.

Озиқ-овқат интервенцияси — бу давлат нархларни барқарорлаштириш ва танқисликнинг олдини олиш мақсадида бозорга чиқиб, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб оладиган ёки сотадиган механизм.

Агар ун, ёғ, картошка ёки бошқа ижтимоий аҳамиятга молик маҳсулотлар нархи кескин ошса, давлат аввал сотиб олинган захираларни бозорга чиқаради, уларни пастроқ ёки белгиланган нархда сотади. Агар нархлар кескин пасайиб, фермерлар зарар кўриш хавфи остида қолса, давлат захира яратиш учун маҳсулотни катта ҳажмда сотиб олади.

Аввалроқ озуқабоп ва мойли экинлар, шунингдек картошка етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги чоралар тақдим этилган эди. Хусусан:

  • 2025 йилдан бошлаб фермерларга Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан — ҳосил қийматининг 50% миқдорида, йиллик 12% билан кредитлар ажратилади;
  • валюта кредитлари бўйича 8% дан юқори фоиз ставкасининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади;
  • кредитлар бўйича 50%гача кафолат берилади.

Ҳар йили in-vitro лабораторияларида 10 млн донадан ортиқ вируслардан холи бўлган картошка мини-туганаклари етиштирилади. Улар уруғчилик хўжаликларига бепул берилади.

Гўшт ва сут ишлаб чиқаришни кўпайтириш

Президент чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини оширишни асосий йўналишлардан бири деб атади.

  • 2025 йилда 100 минг бош йирик шохли қорамол ва 200 минг бош қўй ва эчки импорт қилиш режалаштирилган.
  • Пахта ва ғаллачилик соҳаси фермерларига 20 сотихгача бўлган ер участкаларида енгил чорвачилик объектларини қуришга рухсат берилади.
  • Наслли чорва моллари ва бир кунлик жўжаларни субсидиялаш тартиби яна 5 йилга узайтирилади.

Янги чорвачилик лойиҳаларини молиялаштириш учун:

  • Жаҳон банки ва Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 157 млн доллар йўналтирилади;
  • маблағлар чорвадорларга 17% билан 10 йил муддатга, шундан 3 йили имтиёзли давр билан берилади;
  • қўшимча равишда Япониянинг JICA’сидан 150 млн доллар ва Осиё тараққиёт банкидан 60 млн доллар жалб қилинади.

Бундан ташқари, 5 трлн сўмлик 1000 та лойиҳани ишга тушириш ва 167 та туманда Франция фермалари модели асосида 50–60 бошга мўлжалланган 340 та кичик хўжалик ташкил этиш режалаштирилган.

Боғларни янгилаш

Президент ҳосилдорлиги гектаридан 50 минг долларгача етадиган интенсив боғларни кескин кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.

Мамлакатда ҳосилдорлиги гектарига 10 тоннадан ошмайдиган 90 минг гектар эски ва самарасиз боғлар мавжуд. Уларни янгилаш ва янги плантациялар яратиш бўйича уч йиллик режа қабул қилинади.

Боғбонлар учун янги қўллаб-қувватлаш шакллари жорий этилмоқда:

  • интенсив боғлар яратиш учун кредитлар — 7 йилгача 14% билан, 3 йили имтиёзли давр;
  • совуткичли омборлар учун кредитлар бўйича 8 фоиз пунктгача фоиз ставкаси компенсацияси;
  • экспорт қилувчилар учун маҳсулотни қадоқлаш харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади;
  • сертификатланган кўчатлар қийматининг 50 фоизи бюджетдан қопланади;
  • шпалерга субсидиялар — экиладиган экинга қараб 20 минг сўмдан 70 минг сўмгача.

Шунингдек, пахтачилик ва ғаллачиликда бўлгани каби, боғбонлар ҳам ўғит ва ёқилғини арзонлаштирилган нархларда сотиб олишлари мумкин бўлади.