Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 09/03/2026

Ўзбекистонда ўз-ўзини банд қилганлар бюджет ҳисобидан ипотека олишлари мумкин бўлади

Ўзбекистонда ипотекадан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси капиталини ошириш ҳамда шаҳарсозлик жараёнларини бошқариш учун рақамли платформани ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Ўз-ўзини банд қилганлар ипотека олишлари мумкин бўлади

Фармонга кўра, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб бюджет ресурслари ҳисобидан ипотека кредитларини нафақат расмий даромадга эга бўлган фуқаролар, балки ижтимоий солиқ тўлаган тақдирда ўз-ўзини банд қилган шахслар ҳам олишлари мумкин бўлади.

Талаблар босқичма-босқич жорий этилади:

  • 2026 йилда — охирги бир йил учун ижтимоий солиқ тўланган бўлса;
  • 2027 йилда — икки йил учун;
  • 2028 йилдан бошлаб — уч йил учун.

Субсидия олиш учун фуқароларнинг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини текшириш Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг subsidya.idm.uz тизими орқали инсон омилисиз, автоматик тарзда амалга оширилади.

Ипотекадаги уй-жойга рўйхатдан ўтиш

Ҳужжатда ипотекага сотиб олинган уй-жойда фуқароларни рўйхатга қўйиш тартибига ҳам аниқлик киритилган. Бундай хонадонда яшаш ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтишга мулкдорнинг аризаси ва гаровга олувчи ҳисобланган банкнинг розилиги асосида йўл қўйилади.

Ипотека компанияси капитали оширилади

Фармонда ипотека кредитларини қайта молиялаштириш тизимини ривожлантириш кўзда тутилган. Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компаниясининг устав капиталини давлат бюджети ва тижорат банклари маблағлари ҳисобидан 2030 йилгача 5 трлн сўмга етказиш режалаштирилмоқда.

Бунда банклар ва халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилиш орқали давлат улушини 25 фоизгача камайтириш кўзда тутилган.

2026 йилда компаниянинг қўшимча чиқарилган акцияларини сотиб олиш учун давлат бюджетидан 250 млрд сўм йўналтириш режалаштирилган.

«Uy-joy» рақамли платформаси

Шаҳарсозлик жараёнларини рақамлаштириш мақсадида 2026 йил 1 октябргача «Uy-joy» ягона урбанизация рақамли платформасини тест режимида ишга тушириш мўлжалланмоқда.

Тизим қуйидаги имкониятларни беради:

  • шаҳарсозлик ҳужжатлари ва жараёнлари бўйича ягона маълумотлар базасини юритиш;
  • уй-жойнинг бутун ҳаётий даврини — ер участкаси ажратилишидан тортиб қурилиш ва фойдаланишгача бўлган босқичларни кузатиб бориш;
  • қурилиш учун ер участкаларининг «ер банки» ҳисобини юритиш;
  • кўп квартирали уйларни лойиҳалаш, экспертизадан ўтказиш ва қуриш муддатларини назорат қилиш;
  • уй-жой дастурлари параметрлари ва шаҳарсозлик режаларини эълон қилиш;
  • инвестиция компаниялари лойиҳалари ва улушли иштирок этиш шартномалари ҳақида маълумот тақдим этиш.

Эслатиб ўтамиз, фармон билан 2026 йил 1 июлдан Ўзбекистонда ипотека омонатларининг экспериментал механизмини ишга тушириш режалаштирилган. Ипотека учун субсидия олган фуқаролар кредит бўйича бошланғич бадал суммасини шакллантириш учун жамғариб бориладиган депозит очишлари мумкин бўлади.

Рухсат бериш тартиб-таомиллари муддатларини «қурилишга тайёр ер» механизми ҳисобига қисқартириш кўзда тутилган. Қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш учун участкаларнинг «ер банки» ва ҳудудий инвестиция компаниялари ташкил этилади.