Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Сиёсат 17/02/2026

«Ўзчармсаноат» раҳбари президент танқидидан сўнг лавозимидан озод этилди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан «Ўзчармсаноат» уюшмаси раиси Акбар Султонов лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Қарор 2026 йил 13 февраль куни тармоқлар ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича устувор вазифалар муҳокама қилинган йиғилиш якунлари бўйича қабул қилинди.

Учрашувда давлат раҳбари пойабзал ишлаб чиқаришда мода ва дизайн тез ўзгариб бораётганини кўрсатиб ўтди. Агар корхоналар ҳозирданоқ замонавий талаблар асосида ишламаса, улар нафақат ташқи, балки ички бозорда ҳам рақобатлаша олмайди, деди.

Уюшма раҳбарияти янгиликлар йўқлиги ва жойларда иш етарли даражада ташкил этилмагани учун танқидга учради.

Президентнинг сўзларига кўра, пойабзал ишлаб чиқарувчи 972 та корхонадан 378 таси ўз фаолиятини тўхтатган, яна 120 таси ишлаб чиқариш қувватларининг ярмидан камидан фойдаланмоқда.

Бундан ташқари, қолип, боғич ва фурнитура каби позициялар бўйича импортга қарамлик сақланиб қолмоқда.

Натижада 2025 йили ваъда қилинган 250 миллион долларлик экспортнинг 40 фоизи ҳам таъминланмаган. Уюшманинг жорий йил учун ишлаб чиқариш ва экспорт режалари ҳам қониқарсиз деб топилди.

Шу муносабат билан президент Акбар Султоновни «Ўзчармсаноат» уюшмаси раиси лавозимидан озод этиш бўйича кўрсатма берди.

У ушбу лавозимга 2024 йил 25 ноябрда тасдиқланган эди. Бунгача уюшма раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Ташкилот таркибига тери, мўйна хомашёси ва жунни тайёрлаш, сақлаш ҳамда қайта ишлаш, чорва молларини автоматлаштирилган ҳолда сўйиш, жун, қоракўл ва сунъий теридан буюмлар, чарм-атторлик маҳсулотлари, пойабзал ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи компаниялар киради.