
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 30 январь куни мамлакатнинг энг йирик газ қазиб олувчи компанияси — «Ўзбекнефтгаз» фаолияти самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган тақдимот билан танишди. Бу мазкур мавзу бўйича бир ой ичида ўтказилган иккинчи йиғилиш: аввалги муҳокама 12 январда бўлиб ўтган эди.
Корхона олдига иш самарадорлигини тубдан ошириш ва соҳага замонавий ёндашувларни жорий этиш бўйича вазифалар қўйилди.
Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилда компания 25,2 млрд кубометр табиий газ қазиб олган, бу прогноз кўрсаткичидан (26,5 млрд) 1,3 млрд кубометрга кам.
2022 йилда компаниянинг қазиб олиш бўйича прогнози 34 млрд кубометрни ташкил этган бўлса, амалий натижа 32,2 млрд кубометр бўлган эди.
«Ўзбекнефтгаз» 2023 йил учун табиий газ қазиб олиш прогнозини 34,1 млрд кубометрдан 32,3 млрд кубометргача пасайтирган эди.
Давлат дастурига кўра, 2024 йилда режа 29,3 млрд кубометрни ташкил этган.
Бундан ташқари, 56 та янги қудуқ бурғиланган ва 29 та қудуқда капитал таъмирлаш ишлари олиб борилган.
2026—2027 йилларда табиий газ қазиб олиш ҳажмининг барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, 300 дан ортиқ геологик-техник тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Тақдимотда ушбу кўрсаткичларга эришиш учун зарур бўлган устувор вазифалар тақдим этилди. Хусусан, геология-қидирув ва геология-техника ишлари самарадорлигини оширишга, захираларни кўпайтириш ва қазиб олиш барқарорлигини таъминлашга, шунингдек, харид қилиш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, газни чуқур қайта ишлаш ҳисобига қўшилган қиймат занжирини яратиш, импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, шунингдек, компания ва унинг корхоналарини молиявий соғломлаштириш чораларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Операцион самарадорликни ошириш, жумладан, соҳага оид бўлмаган активларни чиқариш, ҳомийлик тўловларини тўхтатиш ва харажатларни оптималлаштириш ҳисобига молиявий барқарорликни таъминлаш «Ўзбекнефтгаз» фаолиятининг устувор йўналишига айланади.
Ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, ички назорат ва комплаенс тизимини кучайтириш, молиявий активлар ҳаракатини назорат қилиш, шунингдек, коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳам асосий йўналишлар қаторида қайд этилган.
12 январдаги аввалги учрашувда президент «Ўзбекнефтгаз»га кунлик газ қазиб олиш ҳажмини 66 млндан 70 млн кубометргача ошириш чораларини кўришни, шунингдек, 2026 йилда камида 25,4 млрд кубометр газ ишлаб чиқаришни таъминлашни топширган эди.
2026 йил 27 январь куни давлат раҳбари Давлат активларини бошқариш агентлиги ва «Ўзбекнефтгаз»да миллиардлаб сўмлик талон-торожлик ҳолатлари аниқлангани, шу сабабли кенг кўламли текширув бошланганини маълум қилди. Давлат хавфсизлик хизмати ва Комплаенс хизмати тафтишга киришган. Терговга иқтисодий хавфсизлик бўйича мутахассислар жалб этилган.
Газ бўйича статистика
Аввалроқ табиий газ қазиб олиш бўйича расмий маълумотлардаги тафовутларг мавжудлиги ҳақида маълумот берилган. Саноат ишлаб чиқариши тўғрисидаги ҳисоботга кўра, 2025 йил якунлари бўйича Ўзбекистонда 42,3 млрд кубометр газ қазиб олинган — бу 2024 йилдагига (41,3 млрд) нисбатан 1 млрд кубометрга (2,4 фоиз) кўп.
Шу билан бирга, 2024 йил учун берилган дастлабки статистикада қазиб олиш ҳажми 44,6 млрд кубометр даражасида кўрсатилган эди. Шундай қилиб, 2024 йил учун маълумотларнинг турли версиялари ўртасидаги тафовут 3,3 млрд кубометрни ёки йиллик қазиб олиш ҳажмининг қарийб 8 фоизини ташкил этди, бу тахминан бир ой давомида қазиб олинадиган газ ҳажмига тенг.
Статистика қўмитаси матбуот хизмати изоҳ беришича, календарь йил якунлари бўйича дастлабки маълумотлар эълон қилинади, якуний кўрсаткичлар эса кейинги йилнинг июнь ойи охирида йиллик баланс ва корхоналарнинг аниқлаштирилган ҳисоботлари асосида шакллантирилади ва эълон қилинади.
Агар янгиланган маълумотлардан келиб чиқилса, 2024 йил учун аввал эълон қилинган кўрсаткичлар бўрттирилган бўлиши ёки хатоликка эга бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда 2024 йилда газ қазиб олишнинг 2023 йилга нисбатан камайиши аввал хабар қилинганидек 2,1 млрд эмас, балки тахминан 5,4 млрд кубометрни ташкил этган. Пул ифодасида 3,3 млрд кубометрлик тафовут нархларга қараб 528−660 млн АҚШ долларига тўғри келиши мумкин.
Газ қазиб олиш статистикасида бунга ўхшаш сезиларли тузатишлар охирги марта 2018—2019 йилларда қайд этилган бўлиб, 2020—2023 йилларда расмий маълумотлар қайта кўриб чиқилмаган эди.