
Ҳозирги геосиёсий вазиятда Европага юкларни ташиш нархи икки баравар ошди, бу эса Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларининг рақобатбардошлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳақда 2026 йил 15 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Польша Европа бозорларига чиқишда асосий «кириш дарвозаларидан» бири сифатида қаралмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг Польшадаги элчисига Европа мамлакатларига етказиб беришда логистика харажатларини камайтириш бўйича таклифлар тайёрлаш топширилди.
Бундан ташқари, масъул шахсларга польшалик шериклар билан биргаликда Брест чегара пунктида (Польша ва Беларусь чегарасида) ўзбекистонлик юк ташувчилар учун алоҳида йўлак очиш масаласини ишлаб чиқиш топширилди.
Шунингдек, тегишли вазирликларга Ўзбекистон ва Руминия ҳукуматлараро комиссияси йиғилишини ўтказиш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ келишувларга эришиш вазифаси юклатилди.
Давлат раҳбари Констанца шаҳрида савдо уйини ташкил этиш ва 2026 йилда Руминияга Ўзбекистон маҳсулотлари экспортини икки баравар ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси раиси Сардор Аббасханов 2025 йилнинг июль ойида Европага — энг истиқболли бозорга экспорт қилишдаги асосий тўсиқлардан бири юқори логистика харажатлари бўлиб қолаётганини маълум қилган эди.
«Бизда бор-йўғи иккита йўналиш бор: шимол ва жануб. Иккаласи бўйича ҳам доимий қийинчиликлар мавжуд. Россияда — санкциялар, уруш. Эронда — санкциялар, мураккабликлар. Туркманистонда — транзит билан боғлиқ қийинчиликлар ва ҳоказо. Ҳозир битта фурани Германия ёки Нидерландиягача етказиб бериш 7000 еврога, совутиш камералари билан бирга эса 9000 еврога тушмоқда. Натижада таннарх бир тонна учун 300–500 долларга ошмоқда, Туркияда эса бу кўрсаткич 100 доллардан кам», — деган эди.
У Тошкентдан Польша ёки Литва чегарасигача худди шундай мунтазам темир йўл йўналишини йўлга қўйиш таклифини илгари сурган эди. «Литва ёки Польша чегарасигача бизда кенг ўлчамли темир йўллар бор. Ўша ергача етказиб борамиз, қайта юклаймиз: агар бу контейнер бўлса — контейнерни, агар вагонда бўлса — юк машиналарига юклаб, кейин Европа бўйлаб давом эттирамиз», — деб таъкидлаган эди Аббасханов.
Унинг сўзларига кўра, агар йўлнинг 70–80 фоизи темир йўл орқали ўтса, етказиб бериш нархи 4000–5000 еврогача тушиши мумкин.