
2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиётини технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш режалаштирилмоқда, деди Президент Шавкат Мирзиёев халққа йўллаган Мурожаатномасида.
50 миллиард доллар миқдорида хорижий инвестицияларни жалб этиш кўзда тутилмоқда. Президент ҳар бир доллар илғор технологияларни олиб келишга, энергия, сув, ер ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга, ходимларни янги технологиялар билан ишлашга ўргатишга ва меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.
«Яъни, юқори технологиялар ва янги компетенциялар олиб келадиган ҳамда экспортга ишлайдиган инвестор бизнинг энг ишончли ҳамкоримиз бўлади», — деди давлат раҳбари.
Бундай стратегик инвесторларга лойиҳалар учун ер участкалари бозор қийматида тўғридан-тўғри берилади. Ер тоифаси ўзгарганда эса кўрилган зарарларни қоплаш учун компенсация тўловларини 10 йилгача бўлган муддатда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.
«Инвесторлар ерни расмийлаштириш, унинг тоифасини ўзгартириш, қурилишга рухсат олиш ва инфратузилмага уланиш учун идоралар эшигида сарсон бўлмайди. Улар учун «ягона дарча» тамойили асосида комплекс хизмат кўрсатадиган электрон платформа ишга туширилади ва унга барча вазирликлар уланади», — деди Президент.
Эркин иқтисодий зоналарга дунёга машҳур брендлар жалб қилинади. Ушбу зоналардаги корхоналар халқаро техник регламентлар, экологик ва меҳнат стандартларини қўллаши мумкин бўлади, деб эълон қилди давлат раҳбари. Улар учун махсус инвестициявий, солиқ, божхона ва ҳуқуқий режим жорий этилади, шунингдек, арбитраж низоларини халқаро ҳуқуқ доирасида кўриб чиқиш имконияти яратилади.
Бу келгуси беш йилда жалб этиладиган 180 миллиард доллар хорижий инвестициялар ҳисобига 1 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратилишига хизмат қилиши кутилмоқда.
Фақат инвестициялар билан шуғулланадиган, уларни қисқа муддатларда жалб қилиш ва самарадорлигини таъминлайдиган, ҳар бир келишувни лойиҳага айлантириш учун масъул бўлган янги тизим яратилади. Худди шундай, саноатни ривожлантириш ва кооперация бўйича ҳам алоҳида тизим йўлга қўйилади.
«Иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, инвестициялар самарадорлигини кучайтириш, саноат тармоқларининг технологик трансформацияси бутунлай янги ёндашувларни талаб қилади. Шу боис Иқтисодиёт ва молия, Инвестициялар, Саноат ва савдо вазирликлари фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилади», — деди Президент.
Қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш мақсадида саноатни ривожлантириш дастури ишга туширилади.
Келгуси беш йилда саноатдаги қўшилган қийматни ҳозирги 36,5 миллиард доллардан камида 60 миллиард долларга етказиш ва юқори ҳамда ўрта технологик тармоқларда маҳсулот ҳажмини 2,5 бараварга ошириш кўзда тутилган.
Бунга тайёргарлик кўриш учун 2026 йилда саноат ва инфратузилма соҳасида қиймати 52 миллиард долларлик 782 та янги лойиҳа бошланади. Келаси йилнинг ўзидаёқ 228 та лойиҳа доирасида 14 миллиард долларлик янги йирик қувватлар ишга туширилади.
Масалан, Навоий вилоятидаги олтин конларида қиймати 320 миллион долларлик руда қазиб олиш лойиҳаси ишга туширилади, бу қўшимча равишда 2 миллион тонна рудани қайта ишлаш имконини беради. Мурунтов ва кумуш конларини ўзлаштиришнинг навбатдаги босқичи бўйича 2,3 миллиард долларлик йирик лойиҳалар амалга оширилади.
Натижада йилига 18 миллион тонна рудани қайта ишлаш қуввати яратилади ва 2030 йилга бориб олтин ишлаб чиқариш ҳажми 175 тоннага етказилади.
Яна бир йирик лойиҳа — Олмалиқ комбинатида қиймати 2,7 миллиард доллар бўлган ва қуввати 300 минг тонна катод мисига тенг янги металлургия мажмуаси қурилиши бошланишидир.
«Самарқанд кимё» заводида 381 миллион долларлик инвестиция ҳисобига йилига 370 минг тонна фосфорли ва 540 минг тонна мураккаб ўғитлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Қашқадарёда қиймати 200 миллион долларлик кимё заводи қурилиши бошланади. Бу ҳар йили рўзғор кимёси маҳсулотлари, полимерлар ва синтетик ёқилғи учун 50 минг тонна алкилбензол маҳсулотини олиш имконини беради.
Умуман олганда, 2026 йилда кимё саноатида 4,5 миллиард долларлик, тоғ-кон металлургияси, нефть-газ тармоғи, автомобилсозлик, тўқимачилик саноати ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда — ҳар бирида 3 миллиард долларликдан, электротехника соҳасида — 2 миллиард долларлик, фармацевтикада эса 800 миллион долларлик янги лойиҳалар бошланади.
Шу тариқа, 2026 йилда жами экспорт ҳажми 40 миллиард долларга етказилади, тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улуши 55 фоиздан ошади, деди Президент.

