
2025 йилнинг апрель ойидан бошлаб Ўзбекистонга ҳар ойда 1 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрмоқда. Бундай кўрсаткичлар мамлакат тарихида илк бор кузатилмоқда, дея хабар берди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси матбуот хизмати.
Йилнинг дастлабки 9 ойида Ўзбекистонга 8,6 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 12,5%га кўп. 2024 йил давомида мамлакатга 10,06 миллион, 2023 йилда — 6,62 миллион, 2022 йилда — 5,23 миллион хорижий сайёҳ келган.
Сайёҳлар оқимининг дунё ковид пандемиясидан кейин тиклана бошлаган 2022 йилга нисбатан ўсиши: Буюк Британиядан — 2,6 баробар, Қатардан — 6,2 баробар, АҚШдан — 3 баробар, Франциядан — 2,9 баробар, Россиядан — 2,1 баробар, Венгриядан — 3,3 баробар, Германиядан — 2,5 баробар, Полшадан — 6,2 баробарни ташкил этди.
Жорий йилда туристик хизматлар экспорти ҳам рекорд даражага етиб, 3,6 миллиард АҚШ долларидан ошди (2024 йил давомида — 3,4 миллиард доллар).
Туризм қўмитаси сектор ривожига сўнгги йиллардаги ислоҳотлар, жумладан, виза режимининг соддалаштирилиши ва тадбиркорлар учун имтиёзлар, шунингдек, Ўзбекистонни хорижда тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ёрдам берганини қайд этди.