
Ўзбекистон ҳукумати Туркманистон орқали бир нечта юк машинасида Эрон халқи учун инсонпарварлик ёрдамини етказиб берди, деб хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.
Юк таркибидан озиқ-овқат маҳсулотлари — ун, гуруч, шакар, макарон маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, консервалар, шунингдек, дори-дармон ва тиббий буюмлар ўрин олган.
Инсонпарварлик юкини қабул қилиб олиш маросимида Эроннинг Даррагез шаҳри ҳокими Мужтаба Базмара, Эрон ТИВнинг Хуросон-Ризовий вилоятидаги ваколатхонаси раҳбари, вазир маслаҳатчиси Али Маъсумифар ҳамда Эроннинг Туркманистондаги элчиси Али Мужтаба Рўзбехоний иштирок этди. Ўзбекистон томонидан мамлакатнинг Туркманистондаги элчиси Равшанбек Алимов қатнашди.
Эрон расмийлари инсонпарварлик ёрдами ва Эрон халқига кўрсатилган эътибор учун Ўзбекистон президентига миннатдорлик билдирдилар.
Улар ушбу ташаббус икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш анъаналарининг ифодаси эканини таъкидладилар, дейилади хабарда.